Ўзбек сиёсат оламида нима гап?

Улашиш:

Кеча 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Бухоро вилоятида бўлди. Сафар давомида агросаноат, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт соҳаларидаги корхоналар, шаҳар ва туманлардаги бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди.

Президент ташрифни дастлаб Олот туманидан бошлади ва у мазкур чекка тумандан бошланаётгани  бежиз эмас.

2020 йил 27 апрель куни Бухоро вилоятига жанубдан кучли шамол кириб келган эди. Уй-жойлар, инфратузилма ва экинларга катта зарар етказганди.

Давлатимиз раҳбари зудлик билан у ерга етиб бориб, табиий офат оқибатларини бартараф қилиш, турар жойлар ва ижтимоий объектларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берган эди. Қисқа муддатда зарур ишлар бажарилиб, ҳаёт ўз маромига қайтди.

Бу галги сафар чоғида Президент вертолётда ушбу ишлар қамровини кўздан кечирди.

Хусусан, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 мингта уй, 204 та кўп қаватли турар жой таъмирланган. Мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тикланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашди. Ўтган йили содир бўлган табиий офат ёдга олинди.

– Бугун бу ерга келишимдан мақсад – халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади, – деди давлат раҳбари.

Бухоро туманидаги «Бухоро Варнет» корхонасига Президент Шавкат Мирзиёев  илк бор 2019 йилда келганида иш энди бошланган эди. Ҳозирги кунда у замонавий агросаноат мажмуасига айланмоқда.

Аввал бу ерда фақат иссиқхона бўлган бўлса, эндиликда унинг ёнида ўқув маркази, лаборатория ҳамда иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилмоқда. Яъни, замонавий иссиқхоналар учун нимаики керак бўлса, шу ерда тайёрланади.

Давлатимиз раҳбари бу галги ташрифи чоғида мазкур мажмуанинг янги имкониятлари билан танишди.

– Иссиқхоналар билан шунча йилдан бери шуғулланяпмиз, лекин профессионаллар йўқ эди. Энди бу йўналиш янги сифат босқичига чиқяпти, – деди Президент.

Бухоро вилоятининг кўп ерлари шўрхок ва қумлоқ, сув эса танқис. Бундай жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун гидропоника усули жуда қулай. Шу боис 2018 йил 10 июлдаги Президент қарори билан «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди. Бу зона учун Жондор, Когон, Пешку, Ромитан ва Бухоро туманларидан 3 минг гектар ер ажратилди. Тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилиб, кластер тизимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун кенг шароит яратилди.

Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев “Bukhara Cotton Textile” корхонаси фаолияти билан танишди.

Бухородаги «BCT Cluster» пахта-тўқимачилик кластери мамлакатимизда энг биринчи тузилганлардан. У давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги қарорига асосан ташкил этилган.

Бугунги кунда мазкур кластер пахта етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик жараёнларни яхши ўзлаштирган. Хусусан, Ромитан туманидаги 8 минг гектар майдонда пахта етиштирилса, унинг толасидан ип йигириш, калавани бўяш, мато тўқиш ва кийим тикиш йўлга қўйилган.

“Bukhara Cotton Textile” корхонаси ушбу ишлаб чиқариш занжирининг охирги халқаси ҳисобланади. Уни ташкил этиш  учун 65 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция йўналтирилган.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу корхона илгари қаровсиз бўлиб қолган собиқ тўқимачилик комбинати ўрнида пайдо бўлди. Бу ерда битта эски бино капитал реконструкция қилиниб, 19 та янги бино ва иншоотлар барпо этилди. Германия, АҚШ, Бельгия ва Франциядаги илғор технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланди.

Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва IT Park ни бориб кўрди.

Бу ерда “ягона дарча” тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Бинода Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратган. Кутиш залида китоблар жовони ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари хизматлар нархини арзонлаштириш, узоқ маҳаллалар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳам очилган. Молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бинонинг иккинчи қаватида IT Park нинг Бухоро филиали жойлашган. Бу ерда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи давом этмоқда. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.