Жиззах вилояти ва Франция Республикаси ўртасида иқтисодий, маданий ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича онлайн учрашув ўтказилди

Улашиш:

Франция ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиёдаги иқтисодий дипломатия бўйича махсус вакили Паскал Лоро билан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг онлайн учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев икки томонлама алоқаларни ривожлантириш борасидаги фаол ёрдами, шунингдек Жиззах вилояти билан ушбу мулоқотни ўтказишда ташаббус кўрсатгани учун Франция томонига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бугунги кунда Жиззах вилояти ва Франция Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг жадал ривожланиши ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, “ФИВС СТЕЙН” компанияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида қатор музокаралар ўтказилганди.
Музокаралар давомида “Жиззах вилоятида флоат ва автомобиль ойналари ишлаб чиқариш заводининг қурилиши” инвестициявий лойиҳаси муҳокама қилинганди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра лойиҳанинг умумий қиймати 100 млн. АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида Франция ҳукумати “ФИВС СТЕЙН” компаниясига техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш учун 500 минг. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратишда кўмаклашади. Завод кунига 600 тонна шиша ишлаб чиқаради ва 200 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Шунингдек, учрашув доирасида Жиззах вилояти ва Франция Республикаси ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги муносабатларни ривожлантириш зарурати мавжудлиги таъкидланиб, турли хил маданий дастурлар ва санъат буюмлари кўргазмаларини ўтказиш таклиф этилди. Ва Франция дунёдаги йирик туристик бозорлардан бири бўлиб, туризм соҳасида катта тажрибага эга эканлиги боис, Жиззах вилояти ва Франция Республикаси ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ҳар икки йўналишда ҳам туристик оқимларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.