Ижтимоий тармоқларда бировни ҳақорат қилганлар жазоланадими?

Улашиш:

«Ижтимоий тармоқларда айримлар ўзини кўз-кўз қилиш мақсадида ёки атайлаб бировнинг обрўси, шаънига путур етказиш мақсадида қўпол муомалада бўлаётгани, ҳақорат қилаётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Тўғри, интернет чегарасиз. Aммо бу интернетда ҳамма хоҳлаган ишини қилиши мумкин, ҳақорат қилганлар жазоланмай қолади, дегани эмас-ку? Уларга ҳам чора кўриладими? Қонунчиликда бундай меъёр кўрсатилганми?»

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан раҳбар ёки давлат хизматчиси томонидан кимнидир ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳақорат қилиш:

а) жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;

б) хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилгани учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, —

энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.