«133 тонналик янги олтин кони топилди» – Геология қўмитаси

Улашиш:

Миллий матбуот марказида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг «Кон ва истиқболли майдонларни очиқ аукцион савдолари орқали маҳаллий ва чет эллик инвесторларга сотиш борасида белгиланган устувор вазифалар» мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қўмитанинг Минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта ишлаш бошқармаси бошлиғи Асрор Рустамов ўтган 2020 йилда давлат захираларига олинган конлар ҳақида маълумот берди.

«2020 йилда республика бўйлаб бир нечта конлар давлат захиралар комиссиясида рўйхатга олинди. Шундан, Қизилқумда 133 тонна захирага эга «Чуқурқудуқ» олтин кони, 70–80 тонна башоратли ресурслар бўлган конни давлат балансига олдик.

Сурхондарёда қазиб олинаётган қўрғошин-рух кони ёнида яна бир конни давлат захиралар комиссиясидан ўтказдик, «Чинорсой» полиметалл кони деб аталадиган бу кон нафақат қўрғошин, балки олтин ва кумуш захиралари мавжуд комплекс металларга эга.

Шунингдек, 2020 йилдаги меҳнат маҳсули бўлган - Олмалиқда катта мис кони яқинда очилиш арафасида турибди. У жойдаги 200 минг тоннадан ортиқ мис захиралари оператив давлат балансига олиб қўйилди.

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари чегарасидаги Сарикўл конида катта қийматга эга волфрам захирасини ҳам давлат рўйхатига олдик
», дея захирага олинган конлар ҳақида маълумот берди Асрор Рустамов.


Шунингдек, қўмита бошқарма бошлиғи жорий йил геологик тадқиқотлар учун технологик янгиланишларга 185 млрд сўм сарфланиши режа қилинганини очиқлади.

«Бу ишлар, албатта, давлат раҳбари ва ҳукуматимизнинг геология соҳасига қаратаётган эътибори самараси деб биламан. Шу билан бирга, жорий йилда Давлат геология қўмитасига 1 трлн 200 млрд сўм маблағ ажратилди. Шундан 185 млрд сўми техникаларга сарфланади. Бу бизнинг илмий фаолиятимизни амалга оширишга катта ёрдам беради», деди Асрор Рустамов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.