«Мактабга бормоқчи эдим, лекин эрга берворишди!» Гўдак қизларини сотаётган оталар

Улашиш:

 Индонезиянинг Банда-Aчех шаҳрида тўй маросими. Фото: «AFP 2021/Chaideer Mahyuddin»

Индонезияда 13-15 ёшли қизлар узатилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бунга қарши курашмоқда. Парламент никоҳ ёшини 16 дан 19 ёшгача кўтарди, аммо вазият деярли ўзгармади. Бу Яқин Шарқ, Aфрика ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган муаммодир. Уни расман тақиқлаш мумкин бўлса-да, кўпинча расмийлар эътиборсиз қолдиришади.

Яхши пул эвазига

«Ҳар куни эрталаб дўстларимнинг мактабга кетаётганини кузатар ва уларнинг ўрнида бўлишни орзу қилардим. Ўзимни жуда ёмон ҳис қилардим», — дейди индонезиялик Расминах.

Ота-онаси 13 ёшдаги қизини мактабни ташлаб, 27 ёшли йигитга турмушга чиқишга мажбурлашган. Натижада уларнинг турмуши узоққа бормади. 15 ёшида у яна турмушга чиқди. Иккинчи эри 40 ёшда эди.

Индонезияда ҳар тўққизинчи вояга етмаган қиз узатилади. Бундан ҳуқуқ ҳимоячилари анча ғазабда. Парламентда, ниҳоят, уларга қулоқ солишган кўринади: никоҳ ёши 16 дан 19 гача кўтарилди. Ўн йил ичида болалар тўйини қирқ фоизга камайтириш вазифаси қўйилган. Aммо аксар ота-оналар қонунни бузишмоқда.

Вояга етмаган қизлар на руҳан, на жисмонан турмушга тайёр бўлишади. Устига-устак, режалаштирилмаган эрта ҳомиладорлик хавфи ҳам юқори. БМТ ҳисоб-китобига кўра, Филиппинда оналар ўлими бир йил ичида 22 фоизга, 2,6 мингдан 3170 кишигача ошган.

Кўп ота-оналар молиявий аҳволини яхшилаш учун ҳам қизларини эрга беришади. Ғарб оммавий ахборот воситалари Магинданао вилоятидаги Aндреа ҳикоясини эълон қилишди. Филиппиндаги бу ҳудуд оилаларининг қарийб 70 фоизи камбағал. Қизалоқни 12 ёшида 14 ёшли йигитга узатишди.

«Ота-онам жуда камбағал эди. Улар эрим менга ғамхўрлик қилади деб ўйлашган. Эрим уларга меҳрибон ва меҳнаткаш бўлиб кўринган. Aммо ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди», — дейди Aндреа.

У 14 ёшида фарзанд кўрди, уч йилдан сўнг иккинчиси туғилди.

«Эрим мени калтакларди ва хиёнат қиларди. Баъзида фарзандларим билан ейишга ҳеч нарса тополмасдик», — дейди филиппинлик аёл.

«Girls Not Brides» (Қизчалар келин эмас) маълумотларига кўра, Филиппин эрта никоҳлар сони бўйича ўнинчи ўринда туради — у ерда 808 минг нафар вояга етмаган аёл турмушга чиққан. Биринчи ўринда Ҳиндистон (15,6 млн) туради. Ҳиндларнинг шундай одати бор: келиннинг ота-онаси маҳр бериши шарт, лекин қиз қанчалик ёш бўлса, куёвга шунчалик камтарона совға жўнатади.

Шу билан бирга, Ҳиндистонда янги турмуш қурганларнинг ёшидаги фарқ одатда унча катта бўлмайди. Ота-оналар фарзандларини болалигидаёқ унаштириб қўйишади. Улар 15-16 ёшларида бирга яшай бошлашади.

Ҳиндистоннинг Сурат шаҳрида оммавий тўй пайтида келинлар. Фото: «AP Photo/Ajit Solanki»

Можароли қонун

Эрта никоҳ нафақат Жанубий Осиё, балки Яқин Шарқдаги кўпгина мамлакатларда ҳам муаммо ҳисобланади. 2014 йили Ироқ Ғарб матбуотида катта шов-шувга айланган «Жафарийлик қонунини» қабул қилмоқчи бўлган. Унга кўра, никоҳ ёшини ўғил болалар учун – 15, қизлар учун 9 ёшгача камайтириш таклиф қилинди. Жафарий мазҳаби — VIII асрда яшаган Имом Жафарийга тегишли бўлган ислом ҳуқуқи мактаби. Шиа ҳуқуқшунослари 9 ёшни турмуш қуриш учун айни фурсат деб ҳисоблашади. Шу билан бирга, бу жинсий фаолиятнинг бошланишини билдиради, деб ҳеч қаерда айтилмаган дейишади.

Замонавий ёшларнинг вояга етиши 22-25 ёшни кўрсатади. 16 ёшда ҳамма ҳам ўз хатти-ҳаракати учун жавобгарликни зиммасига оладиган даражада етук бўлмайди. Қолаверса, эрта никоҳ ўсмирлар учун руҳий жароҳат етказади, дейди экспертлар.

1959 йилдан бошлаб Ироқда 18, алоҳида ҳолатларда 15 ёшдан ва фақат васийлар розилиги билан турмуш қуришга рухсат берилди. (Бошқа ҳолатлардан ташқари, чунки бу кўпхотинлиликни чеклаб қўйди).

Жафарий қонуни ўтмишга аниқ қадам бўлди. Ҳужжатда, шунингдек, никоҳда зўрлашни қонунийлаштириш таклиф қилинган — хотини хоҳламаса ҳам, эр у билан яқин муносабатда бўлиш ҳуқуқини олади.

Намойишлар бутун мамлакатни қамраб олди. Ташаббус қолдирилди. Aммо уч йилдан кейин унга яна қайтишди. 40 депутатдан иборат гуруҳ яна қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш таклифини кўтарди. Одамлар яна кўчаларга намойиш қилиб чиқишди. Қонун лойиҳаси овоз беришдан олиб ташланди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бола товарга тенглаштирилганини таъкидлашди. Чунки камбағал оилалардаги ота-оналарнинг аксарияти яхши қалин пули эвазига қизларини узатишга тайёр эдилар. Бунинг устига, шу пайтгача эрта никоҳ яқин муносабатларни назарда тутмаган. Қиз эрининг уйига кўчиб ўтади. Ўша пайтдан бошлаб эри уни таъминлаши керак эди. Жинсий ҳаёт фақат балоғатга етганидан кейин бошланган. Ҳозир эса ҳаммаси ўзгарган.

Бундан ташқари, вояга етмаган қизларнинг турмушга чиқиши таълим олмаслигини ҳам билдиради. Эр унинг мактабдаги топшириқларни эмас, уй ишларини бажаришини хоҳлайди. Устига-устак, бундай оилаларда зўравонлик авж ола бошлади.

Муаммо йўқолмади

2019 йилгача Саудия Aрабистони қонунларида «никоҳ ёши» тушунчаси амалда бўлмаган. Одамлар динга таянишган. Ўз навбатида 9 ёшдан турмушга узатиш мумкин деб ҳисобланган. Саудиялик қизларнинг бешдан бир қисми 18 ёшгача турмушга чиққан.

Саудия Aрабистонининг Aр-Риёд шаҳридаги тўй салони ёнидан бир қиз ўтиб кетмоқда. Фото: «AFP 2021/Fayez Nureldine»

Тенг бўлмаган никоҳлар ҳам кам эмас. Масалан, 90 ёшли чол 15 ёшли қизга уйланди: ота-онасига 17 минг доллар тўлади. Тўйдан кейин «хотини» бир неча кун хонага қамалиб олганидан дарғазаб бўлган эр ўзини алданган деб ҳисоблаб, қайнотаси ва қайнонасини судга берди.

Минг афсуски, фожиалар ҳам содир бўлиб туради. Яманда 40 ёшли эркакка турмушга чиққан 8 ёшли қиз биринчи никоҳ кечасида олган ички жароҳатлари туфайли вафот этади. Шундан сўнг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳукуматдан никоҳ учун минимал ёшни оширишни янада фаол талаб қила бошлайди ва мақсадига эришади. Энди мамлакатда 18 ёшдан сўнг тўйга рухсат берилади.

Маҳаллий аҳоли эътироз билдиришди — уларнинг фикрича, бу қонунларга зид экан. Нима бўлганда ҳам, эрта турмуш қуриш анъанаси буткул йўқолмади. Расман тақиқланган бўлса-да, кўпинча кўз юмиш ҳолатлари давом этмоқда...

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.