Эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарлар юборишдаги янглишмовчиликларга нима сабаб бўлаётгани очиқланди

Улашиш:

Юртимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда кўпчиликда эмлаш билан боғлиқ турли саволлар пайдо бўлмоқда.

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида CCВ Матбуот хизмати вазирлик тасарруфидаги IT-Med корхонаси ходими Шоҳрух Қурбоновга мурожаат қилди:

— Эмлаш жараёнларига жалб қилинган фуқароларнинг маълумотлари ягона электрон базага жамланиши борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Бунинг учун ишга туширилган emlash.uz платформаси орқали ҳар бир эмлаш пунктида вакцина олган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона тизимга киритиб борилмоқда.

Вакцинанинг ҳар бир дозасини юборишдан олдин, тиббиёт ходими эмланаётган фуқаронинг шахсий маълумотлари ва фаол телефон рақамини ёзиб олади. Оилавий поликлиникалардаги масъул ходимлар ушбу маълумотларни emlash.uz сайтидаги умумий маълумотлар базасига киритади.

Фуқаро биринчи ва иккинчи дозани олганидан сўнг унга SMS-хабар юборилади.

SMS-хабарда эмланган шахснинг исми ва фамилияси, шунингдек, вакцина олган санаси ҳамда кейинги дозани олиш бўйича тавсия этилган сана ҳақида маълумот бўлади.

Агар фуқаро тўлиқ эмланган бўлса, унда хабарда сертификатга ҳавола ҳам мавжуд бўлади.

— Аҳоли орасида ана шу SMS-хабар билан боғлиқ турли тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Бундай ҳолатлар юз беришига нима сабаб бўлмоқда?

— Кимгадир эмлангани ҳақидаги SMS-хабар келиб тушади, лекин у эмланмаган бўлади. Ёки кимнингдир рақамига бошқа бир фуқаронинг эмлангани ҳақида хабар келади. Бундан ҳам ҳайрон қоларлиси, ҳатто вафот этган одамга эмланганлик хабари келган ҳолатлар ҳам бор.

Тизим электрон бўлгани билан унда инсон омили иштирок этади. Ҳозирда эмланган фуқароларнинг маълумотларини тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги информация билан ишлашига тўғри келмоқда.

Фуқароларга эмлаш бригадаси ходими журнал ёки компьютерга паспорт маълумотлари ва телефон рақамини тўғри киритаётганлигига эътибор қаратиш тавсия этилади.

Баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилганлиги боис, маълумотлар базасини тўлдирадиган тиббиёт ходимининг хато қилиш эҳтимоли мавжуд.

Мисол учун, яқинда ижтимоий тармоқларда Янгийўл туманида яшаган Б.Йўлчиев номига вакцинанинг биринчи дозасини олгани ҳақида SMS-хабар келгани, лекин бу инсон вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бунда ўша ҳудудга бириктирилган тиббиёт ходими эмланганлик ҳақидаги маълумотларни тизимга киритишда хатога йўл қўйган бўлиши мумкин.

Чунки ҳудуд аҳолиси ҳақидаги маълумотлар оилавий шифокор пункти қайдномаларида мавжуд бўлади. Эмлаш ҳолатларини рўйхатга олишда фуқарлларнинг паспорт серияларидан фойдаланилади. Айрим ҳолатларда ушбу паспорт сериялари хато бўлиши ёки бошқа фуқарога тегишли сериялар билан киритиш ҳолатлари учрайди.

Юқоридаги ҳолатда адашиб киритилган паспорт серияси туфайли вафот этган фуқаро номига SMS-хабар борган.

Бошқа одамга хабар бориши масаласига келсак, фуқаронинг телефон рақамини киритишда хатоликка йўл қўйиш ҳолатлари учраб турибди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, энг аввало, тиббиёт ходимлари ўз ишларига масъулиятли бўлиши, тизим имкониятларидан тўғри фойдаланишлари баробарида фуқаролалардан ҳам ўз телефон рақамларини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиб олишларини сўраб қоламиз.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.