Сохта автокредитлар бериш билан шуғулланган жиноий гуруҳ сардори Чирчиқда қўлга олинган

Улашиш:

Сохта автокредитлар бериш билан шуғулланган жиноий гуруҳ сардори ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан Чирчиқ шаҳрида қўлга олинган. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.

Фуқаро Ш.C. ўзининг 4 нафар шериклари билан 2020 йилнинг октябрь ойидан 2021 йилнинг апрель ойига қадар  фаолият юритган “LID CAR” номли  компанияни  ташкил этган. Фирибгарлар 3 йил муддатга 15%лик кредит асосида 90 кун ичида автомашина олиб бериши ҳақида ёлғон ахборотларни тарқатишган. Бироқ, банкларда бу каби кредитлар ўртача 20-25 фоизга берилади.

Фирибгарлик схемаси оддий бўлган - мижозга арзон кредит таклиф қилиниб, у билан шартнома имзоланган. Шартномага кўра, фуқаро автомобиль нархининг 15 фоизидан 30 фоизигача қисмини тўлаши шарт бўлган, қолгани эса кредит ҳисобидан қопланилиши лозим эди. Натижада, одамлар пулларини фирибгарларга топширгандан сўнг, улар 90 кундан кейин ғойиб бўлишган.

Мазкур уюшган гуруҳ дастлаб фаолиятини Тошкент шаҳрида, сўнг Қашқадарё ва Андижон вилоятларида олиб бориб, 100 нафарга яқин фуқароларнинг жами 1,6 млрд. сўм пулларини ноқонуний равишда қўлга киритишган.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бироқ, уюшган жиноий гуруҳ ташкилотчиси,  Ш.C. (1990 йилда туғилган) терговдан бўйин товлаб, жавобгарликдан қутилиш мақсадида яширинганлиги сабабли халқаро қидирувга берилган эди.

“8 июнь куни ИИВ Киберхавфсизлик маркази томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 2021 йилнинг ноябрь ойидан буён қидирувда бўлган  Ш.С. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида хонадонларда яшириниб яшаб келаётганлиги аниқланиб, қўлга олинди ва тергов органига топширилди”, -дея маълум қилмоқда ИИВ.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.