Тошкентда мавжуд бўлмаган квартираларни ижтимоий тармоқлар орқали ижарага берган фирибгар ушланган

Улашиш:

Тошкентда мавжуд бўлмаган квартираларни ижтимоий тармоқлар орқали ижарага берган фирибгар ушланган. Эркак ижаранинг арзонлиги ва шаҳар марказида жойлашганига “учган” мижозлардан аванс олиб, ғойиб бўлган.  

Тошкент шаҳар ИИББга бир фуқаро мурожаат қилиб, номаълум шахс унга квартирани ижарага беришга ваъда қилгани, пулларни олиб   эса ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган.

Тергов натижасида фуқароларнинг ишончига кириб, бир неча ой давомида уларни   алдаб келган йигит қўлга олинган.

“Мен эълон сайтига   квартирани ижарага   бериш ҳақидаги эълон жойладим. Одамлар қўнғироқ қилиб, нархи билан қизиқишар эди. Биз нархини келишиб олгач, квартирани кўрсатиш ва дарҳол калитни беришимни айтдим. Аванс тариқасида келишилган нархдан 20-50 фоизини картамга ўтказишни сўрадим. Пулларни олиб, уларни Телеграмда блоклардим”, - деди йигит.

Аслида йигитнинг квартираси бўлмаган. У бировга тегишли уйнинг суратини олиб, ўзиники қилиб кўрсатган. Шу тариқа у 15га яқин одамларни “чув туширган”. Фуқаролар фирибгарнинг пластик картасига 500 мингдан 2 миллион сўмгача пул кўчиришган. У олган пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Пойтахтнинг Сергели, Яккасарой, Миробод ва бошқа туманларида яшовчи фуқаролар фирибгарнинг тузоғига тушиб қолишган. Айни пайтда унинг бошқа шу каби жиноятларга алоқадорлиги тешкирилмоқда.

Мазкур ҳолат бўийча Жиноят кодексининг 168 моддаси 3 қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Йигит қамоққа олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.