Тошкентда банкоматдан нақд пул олаётган фуқароларнинг пулини ўғирламоқчи бўлган шахс ушланган

Улашиш:

Тошкентда банкоматдан нақдлаштириб олинган 27 миллион сўм пул солинган сумкани ўғирламоқчи бўлган киши ушланган. Бу ҳақда ИИББ  хабар бермоқда.

“7 декабр куни кечқурун икки нафар йигит Тошкент шаҳрининг Миробод туманида пластик картадан пулларини нақд қилишган. Банкоматдан ечиб олинган 27 миллион сўмни олиб йўлга чиқишганида, бир йигит югуриб кириб, қўлларидаги сумкани тортиб олмоқчи бўлган”, - дея маълум қилмоқда ИИББ.

"Ўша куни дўстим ва мен пластик картамдан нақд пул олишга қарор қилдик. Пулларни қўлимиздаги сумкага солдик. Биз банкоматда бўлганимизда, бир йигит хонага бир неча марта кириб чиқди. Бирдан у аввал дўстимни итариб юборди, кейин сумкани олиб, қочиб кетди”, - деди жабрланганлардан бири.

Можаро пайтида гумонланувчи қочишга муваффақ бўлган. Жабрланганлар воқеа ҳақида дарҳол 102 рақамига хабар беришган. Олиб борилган чоралар давомида тажовузкор эртаси куни қўлга олинган. У илгари судланган 21 ёшли Абзалбек бўлиб чиққан.

"Мен банкомат ёнида иккита йигитни кўрдим, улардан пул сўрамоқчи эдим. Аммо кейин, нима учунлигини билмайман-у, сумкани тортиб олиб, яширинишга ҳаракат қилдим. Аммо бир оз югурганимдан кейин сирпаниб йиқилдим. Йигитлар мени ушладилар ва пулларини қайтариб олишди", - деди тажовузкор.

Ушбу факт бўйича Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов тадбирлари давом этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.