Иккита атом бомбасидан омон қолган одам

Улашиш:

Иккинчи жаҳон уруши вақтида 260 000 га яқин одам Хиросима ва Нагасакига улоқтирилган атом бомбаси даҳшатини бошдан кечирди. Улардан бири — япон муҳандиси Цутому Ямагути иккала портлашдан сўнг ҳам узоқ умр кўрди. Қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади, деб шуни айтишса керак...

Хизмат сафарининг охирги куни

Ўшанда ҳарбий-денгиз флотининг 29 ёшли муҳандиси Цутому Ямагути ўзи ишлаётган Mitsubishi Heavy Industries топшириғига кўра, Хиросимада хизмат сафарида эди. У ҳамкасблари билан янги нефт танкери лойиҳаси устида узоқ ишлаб, ёзни ўтказди. 1945 йилнинг 6 августи уларнинг шаҳардаги сўнгги куни эди. Ямагути хотини Хисако ва жажжи ўғли Кацутосини соғинган, уларнинг олдига — уйга қайтишни сабрсизлик билан кутаётганди.

Соат 8:15 ларда «Мицубиси» таъмирлаш корхонасига йўл олган Ямагути боши узра самолётнинг гувиллаган товушини эшитди. У осмонга қараб, шаҳар устида парвоз қилаётган Американинг В-29 бомбардимончи самолёти парашютга бириктирилган кичик буюмни ташлаганига кўзи тушди. Қўққисдан осмон ёрқин чақнаб, Ямагути кейинроқ ёзишича, «улкан магнийли чақмоқ чақди». Қулоқни қоматга келтирувчи гумбурлашдан олдин Ямагутининг зовурга яшринишга вақти бор эди. Портлашнинг зарбали тўлқини уни ердан узиб олиб, худди қуюн каби ҳавода айлантирди ва қўшни картошка жўягига улоқтириб юборди. Бу жой билан эпицентр оралиғи уч километр ҳам чиқмасди.

«Мен нима бўлганини билмайман, — деди у кейинроқ Британиянинг «Таймс» газетасига. — Афтидан, қандайдир вақт мобайнида ҳушимни йўқотган бўлсам керак. Кўзларимни очганимда атроф қоп-қоронғи ва мен деярли ҳеч нимани кўрмасдим. Бу кинотеатрдаги фильм бошланишига ўхшар, гўё кино қўйилишидан олдин бўш кадрлар ҳеч бир овозсиз шунчаки чақнаётгандек эди».

Вайронакор ёмғир

Атомнинг портлаши эрталабки қуёшни тўсиши учун етарли миқдорда чанг ва чиқиндиларни даст кўтариб юборган эди. Тўкилаётган куллар орасида қолиб кетган Ямагути Хиросима осмонига кўтарилаётган замбуруғ кўринишидаги қуюқ тутунни кўра олди. Унинг юзи ва билаклари кучли куйган, иккала қулоғининг ҳам пардаси ёрилган эди.

Ямагути карахт ва донг қотган ҳолда «Мицубиси»дан қолган корхона биносига етиб олди. У ерда ўзи каби даҳшатли портлашни бошдан кечирган ҳамкасблари Акира Иванага ва Куниеси Сатони топди. Бомбапаноҳда ташвишли кечани ўтказган эркаклар 7 август куни уйғонишди ва қандайдир тарзда ҳозиргача ишлаб турган темир йўл станциясига равона бўлишди. Уларнинг қўрқинчли сафари милтиллаб турган оловлар, вайронага айланган иморатлар, кўчадаги кўмирга айланган ва эриган жасадлардан иборат даҳшатли манзара томон етаклади. Шаҳарнинг талай кўприклари майишган, яроқсиз ҳолга келган эди. Ямагути қалқиб турган жасадлар орасидан сузиб ўтишга мажбур бўлди. Станцияга етиб олгач, қадрдон шаҳри Нагасакига кетиш учун куйган ва абгор йўловчиларга тўлган поездга ўтирди.

1945 йил 6 августдаги атом бомбаси портлаган эпицентрга яқин бино Хиросима савдо-саноат палатаси эди. Бино таъмирсиз ҳолатда эди.

Ямагути хотини ва боласининг ёнига қайтгунига қадар бутун дунё Хиросимага нигоҳини қаратди. Портлашдан ўн олти соат ўтгач, президент Гарри Трумэн илк бор атом бомбасининг мавжудлиги ҳақида нутқ сўзлади. «Бу Коинотнинг асосий кучидан фойдаланишдир, — деди у. — Бу шундай кучки, қуёш ўзининг қувватини тўплаб олди ва Узоқ Шарққа уруш келтирганларга қарши қўйиб юборилди».

«Enola Gay» номи остидаги В-29 бомбардимончи самолёти Тинч океанидаги Тиниан ороли устидан ўтди ва Хиросима осмонидан «Жажжи болакай» номи билан танилган бомбани ташлашдан аввал салкам 1500 мил масофани учиб ўтди. Портлаш натижасида бир вақтнинг ўзида 80 000 га яқин одам ҳалок бўлди ва кейинги ҳафтада яна ўнлаб инсонлар ўлди. Трумэн ўз чиқишида, агар Япония таслим бўлмаса, «бу замин ҳаводан ҳеч қачон кўрмаган вайронакор ёмғир»ни кутиши мумкинлигини айтиб огоҳлантирди.

Раҳбар олдидаги ҳисобот

Ямагути эрта тонгда Нагасакига кириб борди ва оқсоқланиб касалхонага йўл олди. Даволовчи шифокор унинг мактабдаги собиқ синфдоши эди. Ямагутининг қўллари ва юзлари шунчалик куйган эдики, қорайиб кетганидан эркак дастлаб уни танимади. Уйда оиласи ҳам уни танимади. Қалтироқ тутган ва бинт билан боғлаб ташланган Ямагутини онаси арвоҳ деб атади.

Гарчанд Ямагути ўзини ёмон ҳис қилса-да, 9 август куни эрталаб тўшакдан турди ва «Мицубиси»нинг Нагасакидаги офисига ишга кетди. Соат 11 лар атрофида компания директори билан учрашди ва раҳбар ундан Хиросимада бўлган пайтдаги тўлиқ ҳисоботни талаб қилди. Муҳандис 6 августдаги даҳшатли ҳодисалар — кўзни қамаштирувчи ёруғлик, қулоқни батанг қилувчи гумбурлаш ҳақида айтиб берди, бироқ бошлиқ уни ақлдан озганликда айблади. Битта бомба қандай қилиб бутун шаҳарни вайрон қилиши мумкин? Ямагути тушунтиришга ҳаракат қилаётганида кутилмаганда яна бир ранг-баранг оппоқ чарақлаш дераза ортидаги манзарани бузиб юборди. Муҳандис зарбали тўлқин офис деразасини чилпарчин қилиб, шиша синиқларини хона бўйлаб сочишидан бир неча сония аввал полга йиқилди. «Замбуруғли қуюқ тутун Хиросимадан мени таъқиб этиб келди, деб ўйладим», — деди у кейинроқ The Independent газетасига.

Нагасаки тиббиёт коллежи шифохонаси биноси 1945 йил 9 августда АҚШ ташлаган иккинчи атом бомбасидан сўнг вайрон бўлмай қолган ягона бино эди. Атом бомбаси портлаган марказдан 800 метр нарида эди у.

Иккинчи бомба Хиросимага улоқтирилганидан ҳам кучли эди, бироқ Ямагути англашича, шаҳарнинг баланд-паст ландшафти маҳкам бириктирилган зина билан мувофиқ тарзда офисга портлаш миқёсини пасайтириб берган. Муҳандиснинг бинтлари йиртилиб кетган бўлса-да, аммо у саратонни келтириб чиқарувчи радиация тўлқинидан бир қадар зарар кўрмаган эди. Орадан уч кун ўтган ва у иккинчи атом портлашидан уч километр нарида бўлган. Ва иккинчи марта ҳам яшаб кетди.

БМТ минбаридаги маъруза

 «Мицубиси» биносини тарк этган Ямагути бомба вайрон қилган Нагасаки харобалари бўйлаб хотини ва боласидан хабар олиш учун югурди. Уйининг бир қисми вайронага айланганини кўрганида руҳи тушиб кетди, бироқ кўп ўтмай уларнинг ҳар иккиси ҳам енгил жароҳат олганини кўрди. Хотини эрининг куйган жойлари учун малҳам дори излаётган бўлган, портлаш рўй берганида у ва ўғли туннелга яширинган. Бу тақдирнинг яна бир ғаройиб бурилиши эди. Агар Ямагути Хиросимада жабр кўрмаганида унинг оиласи Нагаскида ҳалок бўлиши мумкин эди.

Кейинги кунлар икки карра радиация олган Ямагутини азобга солди. Унинг сочлари тўкилиб, қўлларидаги яра қорасонга айлана бошлади ва тўхтовсиз лўқиллаб оғриди. У Япония императори Хирохито мамлакатнинг таслим бўлиши ҳақида 15 августда эълон қилмагунча оиласи билан бомбапаноҳда эди. «Менда бу борада ҳеч қандай ҳиссиёт йўқ эди, — деган Ямагути «Таймс»га. — На ранжиган, на қувонган эдим. Мен безгак билан жиддий касалланган, деярли ҳеч нима емасдим ва ичмасдим. Мана, ҳозир бошқа томонга ўтаман, деб ўйлардим».

Шунга қарамай, радиоактив нур билан нурланган бошқа кўплаб қурбонлардан фарқли ўлароқ, Ямагути секин-аста тузала бошлади ва нисбатан меъёрий ҳаётда яшашда давом этди. У мамлакатни истило қилган АҚШ қуролли кучларига таржимонлик қилди, кейин эса «Мицубиси»даги мавқеини тиклагунга қадар мактабда дарс берди. Ҳатто, 1950-йилларда уларнинг оиласида икки қизалоқ дунёга келди.

Ямагути Хиросима ва Нагасакидаги даҳшатли хотираларини ўзининг шеърларида акс эттирди, бироқ тажрибаларини оммавий муҳокама қилишдан қочди. Ёдномалар чиқаргач ва атом бомбасига қарши курашиш ҳаракатининг бир қисмига айлангач, 2006 йили Ню-Йоркка йўл олди. Ядровий қуролсизланиш ҳақида БМТ минбарида маъруза қилди.

Цутому Ямагути икки атом портлашидан омон қолган ягона инсон эмас. Унинг ҳамкасблари Акира Иванага ва Куниеси Сато ҳам иккинчи бомба тушганида Нагасакида эдилар. Ҳаво илонлари яратувчиси Сигэси Моримото эса эпицентрдан бор-йўғи бир километр нарида бўлган, шунга қарамай, мўъжиза туфайли яшаб қолган. Ҳаммаси бўлиб, ҳар эҳтимолга кўра, 165 киши иккита портлашни бошдан ўтказган, аммо япон ҳукумати фақат Ямагутини расман «нидзюу хибакуша» ёхуд «икки марта бомбардимонга йўлиққан» деб топди. Цутому Ямагути бу унвонни 2009 йилда олди ва орадан бир йил ўтгач ошқозон саратонидан вафот этди. У 93 ёшда эди.

А.Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.