Вилоят солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлари билан солиқ қонунчилигига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятимиз ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобчилари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Семинар ишини вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов очиб, республикамизда солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида гапирди. Шундан сўнг вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зафар Азимов сўзга чиқиб, 2024 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани ва солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар, тадбиркорлар, аҳоли ва ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида гапирди.
Солиқ қўмитаси вакиллари Нодир Кадиров ва Даврон Бабажонов Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш ҳақида атрофлича маълумот берди. Жорий йил 1 январдан Солиқ кодексининг 30 дан ортиқ моддасига киритилган ўзгартишлар, солиқ ставкалари, акциз солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортишдаги ўзгартишлар тушунтирилди.
2025 йилда асосий солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгартиришсиз қолдирилди. Хусусан, фойда солиғи (15 фоиз), ҚҚС (12 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахслар мол-мулк солиғи (1,5 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (4 фоиз), ижтимоий солиқ (12 фоиз/25 фоиз), қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (100 сўм), қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга ер солиғи ставкаси (0,95 фоиз).
- 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар ишга қабул қилинган камбағал оила аъзолари (иш ҳақи камида 1,7 млн сўмни ташкил қилганда) учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланди (амалда 12 фоиз).
- 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 сентябрга қадар тадбиркорлар томонидан касбга ўргатиш учун ишга қабул қилинган мактаб, коллеж ва техникум ўқувчиларига даромад солиғи ҳамда уларнинг ойлик иш ҳақига ҳисобланган ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланди (амалда 12 фоиз).
- 2028 йил 1 январга қадар магистрал йўллар бўйида кўчма савдони ташкил қилган ёшлар (30 ёшгача) фаолиятининг дастлабки 6 ойи давомида солиқларни тўлашдан озод этилди.
- 2029 йил 1 январга қадар нашриёт-матбаа фаолиятидан олинган даромадлар (солиқ даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган) фойда солиғини тўлашдан озод этилди.
- Тадбирда нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг 2030 йил 1 январгача ижтимоий солиқдан ташқари барча турдаги солиқлардан озод этилаётгани ҳам муҳим имтиёзлардан бири сифатида айтиб ўтилди. Бунда бўшайдиган маблағлар замонавий ўқув қўлланмалари, асбоб-ускуналарни сотиб олиш, биноларни реконструкция қилиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул таълим хизматларини кўрсатиш учун мақсадли йўналтириш белгиланган.
Шунингдек, 2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январгача экспорт ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари таъсисчиларига дивиденд солиғи 5 фоиз этиб белгиланиб, 2025 йил 1 февралдан 2030 йил 1 январга қадар экспорт ҳажми йилига 10 миллион доллардан ошган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига хизмат кўрсатган норезидентлар фойда солиғидан озод этиладиган бўлди.
2027 йил 1 январга қадар Президент қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини республикамизга олиб киришда ҚҚСдан озод қилинди. 2024 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январга қадар резидент бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг вагонларни (контейнерларни) ижарага бериш бўйича айланмаси ҚҚСдан озод қилинди.
2025 йил 1 январдан бошлаб янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун ер солиғи бўйича имтиёзни бекор қилган ҳолда, солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилди.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди.
Тадбирда қайд этилдики, солиқ қонунчилигига киритилган мазкур ўзгартиришлар мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига, тадбиркорликка янада эркинликлар бериш ҳамда уларнинг ривожланишига хизмат қилади.
Семинарда солиқ маъмурчилигини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Мутахассислар томонидан қатнашчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.
Васил ИЛЁСОВ