“Кучли аёл йўқ, кучли бўлишга мажбур аёллар бор!” — ёлғиз аёлнинг жамиятда ўз ўрнини топишдаги машаққатлари ҳақида ҳаётий ҳикоя

Улашиш:

“Аёл киши учун кучли бўлиш жуда ҳам қийин. Ҳеч бир аёлга раво кўрмайман, кучли бўлишни. Жуда ҳам қийналиб кетганимда икки марта ўзимни осишга ҳаракат қилганман. Вақтида болам уйғониб қолган. Ўша вақтда миямга урган, болаларим ўзимдан бошқа кимга керак, деганман. Буларнинг тақдири мендан кейин нима бўлади, деган ўй кечган”.

Кучли аёлларни кўрганда ҳавас қиламиз. Лекин ожиза қилиб яратилган нозик хилқат вакилига кучли бўлиш қанчалар оғир экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Филология фанлари доктори, 6 марта “Олтин қалам”, “Йил журналисти” каби қатор мукофотлар совриндори, журналист, эколог Наргис Қосимова билан ўзини осмоқчи бўлгани, ажрашганини бир йилдан сўнг билгани, болаларини ёлғиз оёққа қўйгани ҳақида суҳбатлашдик.

Video Player


Болалигим жуда яхши ўтган. Қиз бола уйда ўтириши керак, ўқиб нима қиласан, эртага турмушга чиқасан, деган гаплар оиламизда мутлақо бўлмаган. Доим қизиқиш, истакларимизни ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватлашган. Оиламизда қиз болага ҳам, ўғил болага ҳам шахс сифатида қаралган.

Ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирганман. Бир вақтнинг ўзида “Жиззах ҳақиқати”да иш бошлаганим айнан журналистикага қадам қўйишимда катта мактаб бўлган.

Иккинчи курсда ЎзМУнинг ўзбек гуруҳларига Москвада ўқиш учун танлов бўларди. Шундан ўтиб ўқишимни Москвада давом эттирганман. Бунда ота-онам менга қаршилик қилишмаган. Аксинча, дадам ўзлари олиб бориб, мени ётоқхонага жойлаштириб келганлар.

1997 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Турмушга чиқдим. Афсуски, мен келин бўлиб борган оилада аёлга бошқача муносабатда бўлишарди. Аёл кишига шахс сифатида қаралмасди.

Севишиб турмуш қурган бўлсак ҳам, турмуш ўртоғим мени тушунмади. Доимий равишдаги жанжаллар, калтакларга қарамай мен оиламизни сақлаб қолишга ҳаракат қилардим.

Бу аёл киши учун жудаям қийин. Ҳеч бир аёл турмушим бузилсин демайди, фақатгина ўзига инсон сифатида озгина эътибор, меҳр талаб қилади. Уни ҳам одам ўрнида кўришларини хоҳлайди. Балки моддий бойликка ўч аёллар ҳам бордир. Лекин озгинагина ўқиган, илм, билимга интилган аёллар ундай бўлмайди. Тинч ва бахтли ҳаёт кечиришни хоҳлайди.

Жанжаллар тушунмовчиликдан келиб чиқарди. Мен инсон сифатида ўзимни реализация қилишни истардим. Ишлагим келарди. Турмуш ўртоғим ишлашимни истамасди. Лекин рўзғоримизни таъминламасди. Ёш болаларим билан оч қолган кунларим кўп бўларди. Уларни боқиш учун турли пишириқлар, салатлар қилиб сотган кунларим ҳам бўлди.

Мен олий маълумотли бўлатуриб бундай йўл билан пул топишим, бир тийинга зор бўлишим мантиққа тўғри келмас эди. Шундай қилиб ишга чиқишга мажбур бўлдим. Бу ҳам жанжаллар учун яна бир баҳона бўлди.

Ўринсиз рашк, ишончсизлик, калтаклар мени ҳам жисмонан, ҳам руҳан қийнарди. Оилада муҳит шундай эдики, ука акасининг хотинини уриши ҳам оддий ҳол эди. Битта мен эмас, овсинларим ҳам бесабаб калтакланган кунлари кўп бўларди.

“Отангнинг ўлиги устида оч қолдим”    

Перитонит бўлиб қолдим. Бу шундай касалликки, қорин пардасининг яллиғланиши бўлиб, вақтида даволанмаса ўлимга олиб келиши мумкин. 41 истима билан ўрнимдан туролмай қолганман. Иккинчи фарзандим икки ойлик чақалоқ эди. Йиғлайди, туриб қарашга ҳам яролмаганман. Шу ҳолимда ҳам турмуш ўртоғим бола қара деб мени калтаклаган.

Шунинг устига дадам келиб қолдилар. Зудлик билан вилоят шифохонасига олиб бориб, операция қилдирганлар. Ўзлари ҳам шифокор эдилар. Турмуш ўртоғим ҳам шифокор эди. Мутахассис бўлатуриб шу ҳолимда менга зуғм қилганини дадам кечиролмадилар.

Операция қилган доктор бир соат кечикканингизда ўлим билан тугар эди. Вақтида етказиб келибсиз, деди. Дадам у одам бўлмайди, эрингникига қайтиб борма, дедилар. Лекин аёл киши ўзидан кўпроқ болаларини ўйлар экан.

Болаларим етим бўлмасин, отасиз ўсмасин деб, тузалганимдан сўнг яна қайтиб бордим. Отам вафот этган кунлари отангнинг ўлиги устида оч қолдим, деб дўппослаган куни ҳаётим бўлмаслигини тушуниб етдим. Йўқ, бундай инсон билан яшаб бўлмайди.

“Ажрашганимни бир йилдан кейин билганман”

Лекин ўшандаям ажрашмаганман. Бир йилдан кейин боламни мактабга бериш учун ҳужжатларини сўраб борганимда сен билан ажрашганимизга бир йил бўлди, деб устимдан кулган. Менинг иштироким, хабаримсиз ажраштиришган.

Жиззах телевидениесида ишлардим. Бир куни анчагина нуфузли одамдан интервью олгани бордим. Интервью тугаганидан сўнг кимлардансиз деб сўраган. Кимлигимни билгач, эрини диссертациясини ўғирламоқчи бўлган сизмисиз, деган. Анқайиб қолганман. Ахир эримни диссертациясини ўғирлаб нима қиламан, ҳаттоки соҳаларимиз бир-бирига яқин келмайди. Мана шундай гап-сўзлар тарқатишган.

Уйга келиб онам раҳматлига Жиззахда яшолмайман, болаларимга қараб берсангиз бўлди, қийналсам ҳам Тошкентга кетаман, деганман. Бир йил онам қараганлар. Болаларим ҳали кичкина эди. Ўғлим ичикиб тез-тез касал бўлиб қолаверди. Ҳар ҳафта Жиззахга бориб келишга мажбур бўлардим.

“Вазирликда таниши бўлмаса, боласи мактабда ўқимайдими?”

Тошкентда жуда катта қарз кўтариб уй олганман. Олгунимча ҳам кўп муаммолар бўлган. Ўша пайти “прописка”га рўйхатга олинишим керак эди. Пул билан бошқа жойдан рўйхатдан ўтишга мажбур бўлганман.

Бир йилдан кейин болаларимни олиб келдим. Уларни мактабга қўйиш ҳам катта муаммо бўлган. Прописканг бошқа жойда деб мактабга олишмаган. Конституцияда ҳамма таълим олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган, деб роса тортишганман, фойдаси бўлмаган.

Халқ таълими вазирлигида курсдошларимдан бири ишларди. Шунга айтиб, телефон қилдиртирганман. Ўшандан кейин директорнинг ўзи келиб нега айтмадингиз вазирликда танишингиз борлигини, деган.

Вазирликда таниши бўлмаган одамнинг болалари мактабда ўқимайдими? Дилхиралик билан бўлса ҳам болаларимни ўқишга жойладим. Худога шукур, яхши ўқишди. Ўқитувчилари ҳам яхши таълим беришган. Ҳозиргача устозларидан миннатдорман.

“Иш излаб роса сарсон бўлдим”

2004 йиллар эди ўшанда. Ҳамма нарса “прописка”га бориб тақаларди. Фан номзодиман. Биринчи бўлиб университетлардан иш излаганман. Ўзим ўқиган журналистика факультетига борганман. Жой йўқлигини айтишган.

Иш излаб сарсон бўлиб юрган кунларим фалсафа факультетида дарс берадиган курсдошимни кўриб қолдим. Фан номзоди бўлиб яна рус тилини яхши биладиган мутахассис иш излаб юрибдими, деб роса ҳайратланган.

Юр бизнинг факультетда рус тилида дарс берадиган ўқитувчилар керак, деб деканнинг олдига бошлаб борган. Декан Акбар ака мени умуман танимасди. Сиз шундай маълумотингиз билан иш излаб юрибсизми деб роса ҳайрон бўлган. Ўша вақтнинг ўзида ариза ёздириб ишга қабул қилган.

Фалсафа мени йўналишим эмас эди. Шу сабаб иккинчи мутахассисликка ўқишга мажбур бўлганман. Шундай қилиб, 2009 йили фалсафа факультетини ҳам тамомлаганман.

Журналистик фаолиятнинг бошланиши

Бир йилдан сўнг “Маърифат”, “Учитель Узбекистана” газеталари бош муҳаррири Ҳалим Саидовни кўриб қолдим. Уларнинг таклифи билан газетада шарҳловчи, катта мухбир бўлиб ишладим. Ундан кейин Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида, “Садо”, “Регион.уз” ахборот агентлигида фаолият олиб бордим.

2009 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида дарс бера бошладим. Шундан бери ўша ердаман. Экология йўналиши бўйича кўпроқ иш олиб бораман. Ўзимнинг Эколог.уз телеграм каналим, сайтим бор. Яқиндагина Эколог ННТни очишга муваффақ бўлдим.

“Болалигимизни ўғирладингиз”

3-4 та жойда ишлаганим учун болаларимни назорат қила олмасдим. Болаларимнинг бўш вақтини қолдирмаслик учун турли тўгаракларга бергандим. Сузиш, пианино, гитара, яккакураш ва албатта инглиз тилига. Ўқишни хоҳлашмасди. Мен уларни мажбурлардим.

Баъзида хафа бўлишган. Сиз бизни болалигимизни ўғирладингиз деб. Лекин кейин кечирим сўрашган. Жуда қўрқардим, болаларимга нимадир бўлишидан. 3-синф қизим 1-синф укасига қарашга мажбур эди. Ҳозир ўйласам ҳам даҳшатга тушаман. Овқатларини тайёрлаб кетардим. Уни иситиб бериш ҳам қизимнинг бўйнида эди.

Худога шукур, иккала фарзандим ҳам ҳаётда ўз йўлларини топишди. Қизим ЎзДЖТУда ўқиб, Хитойга бир йиллик грант ютиб, ўқишга бориб келди. Шанхайга магистратура босқичига ўқишга кирганди. Тобим бўлмагани сабаб қайтиб келди ва шундан сўнг пандемия бошланди. Шу билан кетолмай қолди. Бу йил ЎзДЖТУнинг таржимашунослик факультети магистратурасини тамомлади.

“Тўйиб овқатландим”

Ўғлим бешта университетга кирган эди. Уларнинг ичидан Хитойда ўқишни танлади. Йиғиб-йиғиб эндигина машина олгандим. Контракти, йўл харажатлари, виза ва бошқалар учун машинамни сотдим. Ўғлимни Хитойга жўнатдим.

Борганидан сўнг қизиқ воқеа бўлган. Ая, бу ерда инглиз тили факультети йўқ экан, дарслар фақат хитой тилида бўларкан, деб қўнғироқ қилган. Сени қайтариб олиб келишга пулим қолмади, энди хитой тилини ўрганишга мажбурсан, деганман.

Бошида роса қийналди. Лекин ўрганиб кетди. Ўқишни битирганидан сўнг Хитойга магистратурага бюджетга кирди. Телефон қилиб биринчи стипендиянгни олдингми, нимага ишлатдинг десам, ростини айтайми, тўйиб овқатландим, деганида йиғлаб юбордим.

Тўрт йилдан бери онам қийналмасин, деб тўйиб овқатланишга ҳам пулини қиймай юрган экан. 4-5 жойда ишлаб топганимни унга жўнатишимни биларди. Бир томондан хурсанд бўлдим. Ахир у ўғил бола, орияти, ғурури бўлиши керак. Демак ўғлим оила қуришга тайёр бўлибди, деб қувондим.

“Кучли аёл бўлишни хоҳламайман”

Ҳаёт ташвишларидан чарчаганингда, муаммолар гирдобида қолганингда ёнингда сени тушунувчи инсон бўлиши катта бахт! Ҳамма қайғуларни одамнинг ўзи кўтаролмайди. Аёл киши учун кучли бўлиш жуда ҳам қийин. Ҳеч бир аёлга раво кўрмайман, кучли бўлишни.

Жуда ҳам қийналиб кетганимда икки марта ўзимни осишга ҳаракат қилганман. Вақтида болам уйғониб қолган. Ўша вақтда миямга урган, болаларим ўзимдан бошқа кимга керак, деганман. Буларнинг тақдири мендан кейин нима бўлади, деган ўй кечган.

Худога шукур, ҳаётда ҳамма нарсага эришдим. Лекин яна кўплаб орзуларим бор. Жамиятни яхши томонга ўзгартириш учун оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўша олсам мен бундан хурсанд бўламан.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.