Жиззах ва Қўқонда табиий газ ва электрга ноқонуний уланиш ҳолатлари фош бўлди

Улашиш:

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан электр энергияси ва газ таъминоти ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширув ва тезкор тадбирларда, табиий ресурс тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари фош этилмоқда. 
Хусусан, Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ИИБ ва “Қўқоншаҳаргаз” бўлими ходимлари билан ҳамкорликда  ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаролар Х.А. ва И.Х. “Қудуқлик” МФЙдаги оҳак ишлаб чиқариш цехида 2 дона хумдон ва 54 дона қўлбола газ ёндиргичларни умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб олиб, 672,7 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Шароф Рашидов туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “A.B.” МЧЖ раҳбари А.У. ва бошқалар корхонага қарашли қурилиш объектларини туман ЭТК билан ҳеч қандай шартнома тузмасдан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 330,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига 821,4 млн сўм зарар етказилган. 
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.