«Ленинград»даги сирли ёнғин ва қотиллик тарихи

«Ленинград»даги сирли ёнғин ва қотиллик тарихи

1991 йил 23 феврал — роппа-роса 32 йил муқаддам илк маротаба Ленинград (номи ҳали ўзгармаганди) шаҳридаги «Аврора» кемасининг байроғи кўтарилмади.

Гап шундаки, ўша куни соат 8:04 да «Аврора» абадий «стоянка»да турган турган жойнинг рўпарасида, «Ленинград» меҳмонхонасининг 10-қаватида ёнғин бошланиб кетди.

Оловни ўчиришда бошданоқ жиддий муаммолар чиқди. Ўт ўчирувчиларнинг нарвонлари меҳмонхонанинг юқори қаватларигача етиб бормади (Нега собиқ Иттифоқда 9 қаватли уйлар стандартга айланганини биласиз-а?). Ўт орасида қолганларнинг айримлари юрак ботиниб, чойшаблардан арқон ясаб, деразалардан нарвонларгача тушишга уриниб кўришди. Уларнинг баъзилари асфалтга қулаб жон беришди. Нарвонгача етиб борган омадлилар ҳам бор, таниқли актриса Марина Влади шулардан бири.

Нева томонидан эсаётган шамол беаёв оловни баттар қутуртирар, меҳмонхона йўлаклари жонсарак оломон билан тўлиб кетганди. Тутундан бўғилиб йиқилганлар ҳам бўлди.

Экспертиза ёнғин 773-хонадан тарқалганини кўрсатди: швециялик меҳмонлар кечаси лампали «Рекорд-В-312» телевизорини ўчиришни унутишган экан.

Ҳақиқат эса кейинроқ очилди.

Ёнғиндан сўнг хоналардан бирида «Огонёк» журнали муҳаррири Марк Григорьевнинг жасади топилганди. Бошида ғалати жароҳат излари қолганди. Орадан йиллар ўтди, Юрий Шутов тўдаси таркибида қўлга олинган Айрат Гимранов сирни очди: айнан у Григорьевни ўлдириб, меҳмонхонага ўт қўйиб юборган экан.

«Ленинград»даги ёнғин оқибатида меҳмонхонада яшаган 7 киши ва 9 нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлган.

Ўша йили шаҳар ва меҳмонхонанинг номи «Санкт-Петербург»га ўзгаради. 2006 йилда G8 саммити доирасида меҳмонхонада «Катта саккизлик»нинг молия вазирлари учрашуви ўтказилади.