Интернетда фирибгарлик: нега одамлар тез алданади?

Улашиш:

Бугунги кунда интернет тармоқлари ҳаётимиздаги бутун ижтимоий муҳитни ўзгартириб юборди. Шу пайтгача асосий ролни оммавий ахборот воситалари бажарган бўлса, энди эса бу вазифани ижтимоий тармоқлар бажариб келмоқда.

Аммо бир қанча ижобий томонлари билан бирга мазкур тармоқларнинг хавфли томонлари ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Масалан, бугун интернет савдо – сотиқ, овқатланиш, ўзаро пул ўтказмалари, тўловларни онлайн амалга ошириш энг қулай восита ҳисобланади. Шу билан бир қаторда интернетда фирибгарлик, яъни замонавий тилда айтиладиган скамерлар билан боғлиқ ҳолатлар авж олиб бормоқда.

Улар энди таниқли, расмий шахслар номидан домени деярли бир хил қалбаки сайтлар очиб, пул тарқатилиши баҳонасида айрим фуқароларни тузоққа тушириб, пулларидан айрилиб қолишига сабабчи бўлмоқда.

Мисол учун киберсквоттерлар томонидан қуйидагича доменлар яратилиши мумкин:

  • Расмий сайт — Korzinka.uz.
  • Қалбаки сайт — Korzinkaa.uz ёки Korzinka3.uz.

Киберсквоттингдан ҳимояланиш учун компания ва брендларнинг барча домен номини расмийлаштириб рўйхатдан ўтказиб қўйиш зарур, деб маслаҳат бермоқда Ички ишлар вазирлиги Академияси ўқитувчиси  Абдиқодир Абдираимов. Тайпсквоттинг эса кибберсквоттингнинг яна бир тури бўлиб, доменларни қалбакиллаштириш билан эмас, балки ўхшаш домен яратиш орқали фаолият олиб боради. Бунда, домен номлари биргина ҳарфни тушириб қолдириш орқали шакллантирилади. Тайпсквоттинг доменларига мисол қилиб қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:

  • https://yandex.uz/ — https://andex.uz/
  • https://nbu.uz/uz/ — https://nb.uz/uz/

Ундан ҳимояланиш учун тегишли доменларни бир неча хил вариантларда расмийлаштириш натижасида тайпсквоттерлар ҳужумини олдини олиш мумкин.

— Инсонни эҳтиёж ёки мотив бошқаради, — дейди психолог Муродил Ражабов. — Одамзот яхши яшаш учун ҳаракат қилади. Баъзан қизиқувчанлиги панд беради ҳам. Масалан, ёзишади “агар бизнинг сайтимизга кирсангиз бир млн сўм ютасиз”. Бу кимга ёқмайди? Пули кўп, моддий аҳволи яхшиларнинг алданиб қолганликларини мен шу вақтгача эшитмаганман. Асосан вақтинча ишсиз, моддий таъминотга муҳтожлар алданиб қолишмоқда.

Охирги йилларда кибержиноятчилар усулларини ўзгартирди. Улар энди тўлов тизимлари, ижтимоий тармоқлар ва электрон дўконларни афзал кўрмоқда. Деярли ҳар куни юзлаб ёлғон хабарлар фирибгарлар томонидан яратилиб, интернет орқали кенг тарқатилмоқда.

Фото: cyber102

Биз аслида жуда ишонувчан одамлармиз. Танишларга кўпинча қарз бера олмаймиз, лекин олтин тоғни ваъда қилган нотаниш одамга охирги тийинимизгача топширамиз.Фирибгарлик, алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш тушунчалари, уларнинг фарқлари, ушбу турдаги жиноятлар учун қандай жазолар бор?

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Киберхавфсизлик бўлими ходими Камронбек Қурбоновнинг таъкидлашича, ҳозирги даврда фуқароларнинг банк пластик карталари билан боғлиқ бўлаётган жиноятлар кўпайиб бормоқда. Фуқароларимиз ўзлари билмаган ҳолда фирибгарлар яратган сайтларга ишониб, пулидан айрилиб қолмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида виртуал фирибгарлик ҳақида кўплаб тарғибот ва ташвиқот олиб борилишига қарамасдан, огоҳлантиришлардан хулоса чиқармаганликлари учун тармоқ фирибгарларининг тўрига тушиб қолмоқдалар.

Мазкур ҳолатда, Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми “Г” банди ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш  Жиноят кодексининг 169-моддаси, 2-қисми “б” банди билан малакаланади.

Халқаро тадқиқотчилар жаҳондаги компанияларининг 47 фоизи фирибгарлик жиноятидан жабрланганини аниқлади. Ҳар секундда дунё бўйича 35 нафар шахснинг рақамли маълумотлари ўғирланади. Шундан 5 нафари эса тўлов карталари воситасида фирибгарлик жабрланувчисига айланади.

Бу жиноятлар Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда кўпайгани сир эмас. Жорий йилнинг биринчи чорагида содир этилган жами жиноятларнинг аксарият қисмини фирибгарлик жинояти ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди.

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг маълумотларига кўра, фирибгарлар кўпинча моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳавола орқали банк карта махфий кодни қўлга киритиш йўли билан фойдаланадилар. Бу кўрсаткич даражаси 34 фоизни ташкил этмоқда. Олдиндан тўловларни амалга оширишга эришиб, пулларни қайтармасдан жабрланувчининг маблағи қўлга киритиш йўли билан 22 фоизни, телефон қўнғироқлари давомида ўзини тўлов компанияси ёки банк хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, карта рақами ва махфий кодини қўлга киритиш орқали 17 фоиз, шунингдек, онлайн савдо платформалари орқали карта рақами ва кодининг ошкорлаштирилиши натижасида 14 фоиз ҳамда 9 фоиз сохта онлайн молиявий биржалар орқали содир этилганлиги аниқланган.

Охирги вақтларда авж олаётган фирибгарлик турларидан яна бири телеграм гуруҳларга одам қўшиш орқали қанчадир маблағ билан тақдирланишдир.

Бу орқали фирибгарлар ўз гуруҳ ёки каналларида сунъий равишда фойдаланувчиларни кўпайтиришга ёки телефон номер ва пластик карта маълумотларини билиб олиб, ҳисобдан пул ечиб олишга уринади.

Шу туфайли турли акция ва конкурсларга ишониб шахсий ҳисоб маълумотларини бегоналарга ошкор этмаслик тавсия этилади, акс ҳолда фирибгарлик қурбонига айланиб қолиш мумкин.

Батафсил видеода томоша қилишингиз мумкин.

И.Абдужабборов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.