Брифинг: Солиқ тизимини маҳалла даражасига тушириш бўйича Солиқ органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар

Улашиш:

Жорий йилнинг 5-декабр кун АОКАда Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилдора Хашимова иштирокида бўлиб ўтган брифингда солиқ тизимини маҳалла даражасига тушириш бўйича Солиқ органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. 

Давлатимиз Раҳбари томонидан маҳаллани жойларда муаммоларни ҳал қиладиган институтга айлантириш, амалдаги “бешликка” солиқ ва ижтимоий ҳимоя ходимларини қўшиб, биргаликда ишлайдиган “маҳалла еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича берилган топшириқ ва вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида республиканинг 9 443 та маҳалласига жами 4 383 нафар солиқ ходимлари бириктирилди.

Бунда солиқ органларининг асосий вазифалари

- маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш;

- фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини тўлиқ ҳисобга олиш, ўзини ўзи банд қилган аҳолини тадбиркорликка йўналтириш ҳамда уларни кичик бизнес тоифасига ўтишига кўмаклашиш;

- солиқ тўловчиларга тушунтириш бериш орқали яқиндан ёрдам бериш;

- рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланаяётганларни аниқлаб, уларни фаолиятини қонунийлаштиришга кўмаклашиш;

- қўшимча манбаларни аниқлаш ҳисобига маҳаллий бюджетга тушумларни кўпайтириш;

- бўш турган ва узоқ муддат давомида фойдаланилмаётган ер участкалари, бино-иншоотларни аниқлаш ва уларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишларни ташкиллаштиришда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Эришилган натижалар:

Ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланаётган 36 502 та фуқароларга ёрдам берилиб уларнинг фаолияти қонунийлаштирилди, бунда 24 006 таси юридик шахс 12 496 таси ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтказилди.

- 133 113 нафар меҳнат билан банд бўлган аҳоли меҳнат стажига эга бўлиши ва келгусида пенсия олиши учун ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди;

- 9 275 та ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркорга айлантирилиб уларнинг фаолияти кенгайтирилди.

2 756 та якка тартибдаги тадбиркорларни товар айланмаси ошгани ҳисобига юридик шахс тоифасига ўтказилиб фаолиятлари йириклаштирилди.

9 561 та корхонада 4937 та объектни ишга тушириш ҳисобига 13 550 та, шунингдек, 1 827 та корхонада 715 та ер участкаларини ишга туширилиши ҳисобига 4 837 та ишчи ўрни яратилди.

Бундан ташқари, бюджетга 222,5 млрд сўм қўшимча манба жалб қилинди:

Масалан  айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларни товар айланмасини ошириш ҳисобига 50,1 млрд сўм айланмадан олинадиган солиқ;

- корхоналарда ишчилар сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ошиши ҳисобига 84,7 млрд сўм жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ; 

- янги рўйхатга олинган обектлар ҳисобига 81,7 млрд сўм ер ва мол-мулк солиқлари қўшимча ҳисобланди.

Солиқ ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун “Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” ахборот тизими  ишлаб чиқилди. Ахборот тизимидаги маълумотлар онлайн равишда ҳар соатда янгиланади ва шу асосда маҳаллага бириктирилган инспекторларнинг олдига кунлик вазифаларни белгилайди ҳамда натижаларни автоматик равишда таҳлил қилади. Маҳаллага бириктирилган солиқ инспекторининг фаолияти онлайн кузатилиб, самарадорлик кўрсатгичи (KPI) 21 та мезон орқали баҳолаб борилади.

Солиқ органи солиқ тўловчиларда солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариш даражасини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва интизомли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш каби манзилли ишларни давом эттиради. Эътиборингиз учун раҳмат. 

Солиқ қўмитаси Матбуот хизмати

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.