Саратонни келтириб чиқарувчи одатлар

Улашиш:

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, саратон дунёдаги ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан бири бўлиб, 2020 йилда ундан деярли 10 миллион нафар инсон оламдан ўтган, бу ҳар олти ўлимдан биттаси дегани.

Xўш, ушбу касалликнинг келиб чиқишига нима сабаб бўлади ва уларнинг олдини олиш мумкинми?

Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Олимжон Имомовнинг жавобини эълон қилди.

 — Касаллик сабаблардан бири — саратон келтириб чиқарувчи канцероген моддалар. Истеъмол қиладиган овқат ва ичимликлар таркибида, нафас оладиган ҳавода ёки тамаки тутунида кўплаб заҳарли канцероген моддалар мавжуд. Шу сабабли, табиий, соғлом овқатланиш, зарарли одатлар, яъни тамаки, нос ва чилим чекишдан воз кечиш, атроф муҳитни, ҳавони озода сақлаш — онкологик касалликлар билан касалланиш эҳтимолини бир неча 10 баробарга камайтиради.

 Кейинги сабаб — инсон танасидаги ўсма олди касалликлари ва турли сурункали хасталиклардир. Агар биз ўз вақтида профилактик кўриклардан ўтиб турсак, ва аниқланган ўсма олди касалликлари ҳамда сурункали хасталикларни самарали даволаб, уларни бартараф қилсак, албатта, кейинчалик саратон билан касалланиш эҳтимолининг олдини олган бўламиз, - дейди шифокор.

 Шунингдек, маълум бўлишича, турли вирусли ва бактериал касалликлар ҳам баъзи саратон турларининг ривожланишига олиб келиши мумкин. Масалан, гепатит В ва С вируслари жигар саратонига, Эпштейн-Барр вируси лимфомаларга, Хеликобактер пилори бактерияси меъда саратонига, Одам папилломаси вируси бачадон бўйни саратонига сабабчи бўлади. Шу сабабли, ушбу инфекцион касалликларга қарши кураш, шу жумладан, уларга қарши эмланиш, бу саратон турларини каррасига камайишига олиб келади.

 Стресс ҳам турли онкологик касалликларга олиб келувчи сабаблардан бири бўлиб, тўғри турмуш тарзини кечириш, яхши ҳордиқ чиқариш, ҳаёт ритмини тартибга солиш орқали онкологик касалликларга чалинишнинг олдини олиш мумкин.

 Кам ҳаракатлилик ва семириш ҳам кўпчилик онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун соғлом турмуш тарзини кечириш, соғлом овқатланиш, бадантарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш саратон касаллиги профилактикаси ҳисобланади.

 Бундан ташқари, соғлом овқатланишга эътибор бериш турли ошқозон-ичак онкологик касалликлари, эндокрин аъзолар ўсмаларининг олдини олади. Жуда аччиқ, шўр, ўта ширин ва турли кимёвий моддалар билан ишлов берилган таомлар истеъмолини чеклаш, меъёрга риоя қилиш тавсия этилади.

Умуман олганда, соғлом овқатланиш, атмосфера ҳавоси тозалигига эътибор бериш, соғлом турмуш тарзини кечириш, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаоллик, юқори тиббий маданият, руҳий хотиржамлик каби фазилатларга бой ҳаёт кечириш инсонни онкологик касалликлар билан оғриш эҳтимолини бир неча 10 баробарга камайтиради

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.