2024 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонда аҳолини кредитлаш ҳажми узоқ вақт давомида биринчи марта пасаймоқда. Марказий банкнинг сўнгги маълумотларига кўра, аҳолига берилган кредитларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоизга камайиб, 73,1 триллион сўмни ташкил этган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, очиқ статистика йилларида биринчи марта кузатилган чакана кредитлашнинг бундай қисқариши бозордаги динамик ўзгаришларни акс эттиради.
Айниқса, чакана кредит бозорининг асосий сегменти бўлган автокредитлаш сектори сезиларли даражада камайган. Ўтган йилга нисбатан автокредитлар ҳажми 2,4 баравар— 30,2 триллион сўмдан 12,8 триллион сўмгача камайган. Бакиров автокредитларни микрокредитлар билан алмаштириш кутилган жараён бўлганига эътибор қаратмоқда.
"Автокредитларга бўлган талаб аста – секин камайиб бормоқда, чунки банклар хатарларни камайтириш мақсадида микрокредитлар каби кичикроқ ва оператив кредит маҳсулотларини кенгайтирмоқда", - деди иқтисодчи.
Маълумотлар ҳам ушбу тенденцияни тасдиқлайди: микрокредитлар ҳажми 20,8 триллион сўмдан 31,9 триллион сўмгача ўсган, бу эса истеъмолчиларнинг ҳозирги эҳтиёжларини қондириш учун микромолиялаштиришга ўтишини кўрсатади.
Бу йил ипотека кредитлари ҳам пасаймоқда: сентябр ойида кузатилган кичик ўсишга қарамай, умумий тенденция салбий бўлиб қолмоқда. Қизиғи шундаки, таълим кредитлари ҳажми деярли уч баравар камайган ва бу иқтисодий ноаниқлик шароитида аҳолининг ўзгарувчан эҳтиёжлари ва афзалликларини кўрсатади.
Отабек Бакировнинг таъкидлашича, чакана кредитлашнинг пасайиши нафақат бозорнинг тўйинганлиги, балки аҳоли ўртасида молиявий хавотирларнинг кучайиши натижасида юзага келиши мумкин, бу эса уларни йирик кредитлар ўрнига микрокредитларга мурожаат қилишга ундайди.