АДОЛАТ ҚАЁҚДА? Банк ва МИБ хатоси учун фақат фуқаро жавоб берадими?

Улашиш:

2020 йил пандемиясининг оғир оқибатлари фақат иқтисодиётгагина таъсир қилмади. У кўплаб оилаларнинг орзуларини синдирди, турмушини издан чиқарди. Бироқ, инсон ҳалол ният билан давлатга ишониб, расмий ташкилотлар орқали муаммосини ҳал этишга уринганда, яна кимга суяниш керак? 

Элбек Бахтиёров, 2025 йил давомида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Пахтакор ва Дўстлик туманларида  вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган сайёр қабулларда бир неча бор иштирок этди. У кўтарган масала – ортиқча кредит фоизлари, банк ва давлат ижрочиларининг ҳаракатсизлиги натижасида юзага келган адолатсиз хатти-ҳаракатдан норозилик шикояти эди. Аммо бу қабуллар  фақат расмий жавоб хатлари, шаблон баёнотлар ва ҳеч қандай натижасизлик  билан якунланди.

Келинг яхшиси воқеани Э.Бахтиёровнинг ҳикоясидан бошласак.

- Мен, Э.Бахтиёров пандемияга қадар уй-жой шароитим қийин бўлгани боис, кўп қаватли уйдан ипотека орқали турар жой олдим. 50 миллион сўмга яқин фоизни тўлаб улгурдим. Аммо карантин бошлангач, ишсиз қолдим. Тўловни амалга ошира олмаганим учун уйни банк балансига ихтиёрий равишда ўтказишни сўраб ариза ёздим.

Суд қарори – 313 кунлик кечикиш ва қонун бузилиши

2021 йил 28 октябр куни суд томонидан уйни банкка қайтариш ҳақидаги қарор чиқарилди. Аммо мазкур қарор фақат 313 кун ўтгач — яъни 2022 йил сентябрида амалга оширила бошлади. Шу вақт мобайнида мени номим билан кредит ҳисобланишда давом этди ва ҳар бир ўтган кун фоизлар йиғилишига сабаб бўлди. Бунда қонунбузилиш ҳолати қайд этилиб, фуқарога етиши мумкин бўлган моддий зарар инобатга олинмади.

Қонуний асос:

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасига мувофиқ:

Суд ҳужжати ижрога қабул қилинган пайтдан бошлаб, ҳаракатлар узоғи билан 7 кун ичида бошланиши керак.
Агар мулкни топшириш ёки қабул қилиш ҳақида қарор чиқарилган бўлса, учинчи шахсга мурожаат ва топшириш иши амалий жиҳатдан 10–15 иш куни ичида тугалланиши керак.

2022 йил сентябрь: МИБ ва банк ўртасидаги кечикиш

Давлат ижрочиси фақат 2022 йил 6 сентябрда банкка расмий мурожаат қилган. Банк 9 сентябрда розилик берган, лекин мулкни расман қабул қилиш яна 83 кунга чўзилган.

Қонунга мувофиқ банк неча кун ичида жавоб бериши керак эди?

  1. Давлат ижрочисининг талабномасига жавоб бериш ва амалий ҳаракатни бажариш одатда 10 иш куни ичида амалга оширилиши керак. Бу муддат Олий суд ва Адлия вазирлиги таърифларига кўра, “ижро ҳаракатида ортиқча кечикишларга йўл қўйилмаслиги” талабидан келиб чиқади.

Натижа:

Шу кечикишлар оқибатида фуқаро Э.Бахтиёров номидан қарз ҳисобланишда давом этди ва 68 миллион сўмга яқин ортиқча тўлов юзага келди. Ушбу маблағ суд қарорининг ўз вақтида ижро этилмагани ва мулк ўз вақтида банкка қайтарилмагани натижасида вужудга келган.

Амалга ошмаган адолат: Жавобгарлик кимда?

Бундай ҳолатда, бу қарз учун ким жавобгар? Менми? Ҳолбуки, мен суд ҳал қилишидан олдинроқ уйни қайтаришга тайёр эдим. Қонунга кўра, банк ва МИБ ўз вақтида ишни бажармагани учун жавобгарликка тортилиши керак эди. Аммо, Президент портали орқали қилган мурожаатимиздан сўнг, давлат ижрочисига фақатгина ҳайфсан бериш билан чекланилди.

Бу меҳнат интизомига оид енгил чора эмас, балки тизимдаги жазосизликнинг ярқ этган кўриниши эди. МИБ ва банк ходимлари ҳаракатсизлиги натижасида юзага келган моддий зарарлар нега фақат фуқаро зиммасига юкланмоқда?

Икки марта суд? Қарз ҳам икки мартами?

Уй банк балансига ўтгандан сўнг, менга ортиқча тўланган 13,6 млн сўм қайтарилди. Шу билан иш якунланди, деб ўйладим. Аммо ортидан яна 7 ойдан сўнг 68 млн сўмлик қарзни талаб қилиб, банк томонидан судга берилдим. Бу нима? Адолатми ёки тизимдаги ишончли механизмлар ишламаган ҳолат?

Бу қарз реал ҳолатнинг эмас, банк ва ижро органларининг ҳаракатсизлиги сабаб юзага келган сунъий ҳисоб-китоб эди.  Мавжуд вазиятда фуқаронинг моддий манфаатлари инобатга олинмаган. Агар МИБ ходими ижрони ўз вақтида амалга оширганда ва банк мулкни шу заҳоти қабул қилганида, бундай қарздорлик юзага келмасди.

Ваъдалар-чи?

Ғаллаоролдаги сайёр қабулда вилоят прокурори шахсан "Бу фуқаролар сарсон бўлиши керак эмас" деб таъкидлаган бўлса, Пахтакорда "Жавоб хатига ўзим қўл қўяман" деган эди. Аммо ҳар сафар, расмий “шаблон” жавоб хати қайтарилди.

Дўстликда эса, прокурор ўринбосари қабулидан сўнг, вилоят прокуротура биносида банк ва МИБ раҳбарлари билан юзма-юз учрашув ташкил этилди. Асакабанк раҳбари ходимларининг айбини тан олди, кечикиш сабабли юзага келган зарарни қоплашга тайёрлигини билдирди. Аммо кейин яна жимлик ва яна “шаблон хабарнома”...

Сўнгги сўз

Давлат – фуқаронинг суянчиғи бўлиши керак. Лекин амалда, айрим тизимлар фуқаронинг оғирини енгил қилиш ўрнига, янада юкини оғирлаштирмоқда. Адолат кечикса, у адолат бўлмайди.  Мен фақат ҳақиқатни талаб қиляпман – мен сабабчи бўлмаган қарз учун жавобгар бўлишни эмас!!!

Шунинг учун сўрайман:
АДОЛАТ ҚАЁҚДА?

Ҳурматли юртдошлар фикрингиз қандай? 

Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хусусан вилоят прокуратурасидан ушбу мақолага расмий муносабат кутамиз!

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.