Фермер-селекционер минтақада қовунчиликни ривожлантиришга интилмоқда
Санъат Қаландаров умрини қовунга бағишлаган хоразмлик деҳқон ва олим.
Амударё соҳилидаги шўрхок ерларда ўнлаб навларни етиштириб келади. Ноёб уруғларни сақлайди ва баҳоргча сақланиши мумкин бўлган янги навларни яратади. Унинг мақсади — Хоразм қовунини Ўзбекистоннинг таниқли экспорт ва сайёҳлик брендига айлантиришдир.
Журналист Шуҳратжон Хуррамов фермер билан суҳбатлашиб, қовун шунчаки мевамаслигига ишонч ҳосил қилди. Бу — илм-фан, анъаналар, бизнес ва серқуёш Ўзбекистоннинг рамзидир.
Хоразм. Вазир қишлоғида эрта тонг
Қовунзор устида қуюқ, хушбўй ҳид тарқалади — бу мевалар пишиб етилаётганидан дарак беради. Бепоён жўяклар фондаги ягона инсон — 40 ёшли Санъат Қаландаров — наслдан наслга ўтиб келаётган деҳқон ва қовунчи. У асосий нарсани — ҳидни сезиш учун қуёш чиқмай туриб далага чиқади.
«Эртасидан қовун ҳиди келса — ҳосил яхши бўлади», — дейди у.
Санъат учун бу бир умрлик иш. У болалигидан ҳар бир қовун том маънода иссиқ ўзбек ёзидан нафас олаётган тонгда дала қандай жаранглашини билади. Айни шундай пайтларда у ўз иши кераклигини ҳис этади.
«Қовунга бўлган меҳрни менга бобом ўргатган. Болалигимда қўлимдан етаклаб, қовун даласига олиб борар, биринчи пишган қовунни ўзи узиб, менга татиб кўришга берган. Лунжимдан қовун шарбати оқaётганини кўриб жилмаяр, сўнг ўзи ҳам татиб кўрарди», — деб эслайди Санъат.
Гурвак — Хоразмнинг лаззатли бренди
Гурвак нави фақат Хоразмда етиштирилади. Фото: Мавжуда Собирбоева
Фермер Санъат Қаландаровнинг экин майдонлари Амударё бўйида жойлашган. Бу ерда шўрланиш даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Унинг фикрича, тупроқ шўр бўлгани учун қовунлар айниқса ширин бўлади.
Санъат ҳар йили 50 гектар майдонда қовуннинг 127 га яқин навини етиштириб келади. У генетик хилма-хилликни сақлаб қолиш учун уларнинг уруғларини йиғади. Навлар орасида эртапишар, ўртапишар ва кечпишар турлари бор. У Хоразмнинг ташриф қоғози деб ҳисоблайдиган ва маҳаллий бренд сифатида тарғиб қиладиган гурвак навига алоҳида эътибор қаратади.
Гурвак — август ойининг бошларида пишиб етилади ва фақат Хоразмда ўсади. Уни «Хоразм бренди» деб аташади. Лекин тез айниб кетиши сабабли бу навни узоқ масофаларга ташиб бўлмайди.
Фермердан янги қовун навлари яратувчисигача
Ерга, қовунга бўлган муҳаббат Санъатни илм-фанга етаклади. У қовун ҳақида кўпроқ билишни хоҳлади. 2012-йилда Тошкент аграр университетини тамомлаб, агроном бўлди. 2019-йилда Хоразм сабзавот ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига директор этиб тайинланди.
Санъат 2022-йилда ўзининг «Кумуш» қовун навини яратди. Ҳозир у ҳам фермер, ҳам олим сифатида фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида «Кумуш» нави бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилади.
Санъат Хоразм қовунининг хорижга экспорт қилинишини истайди. У яратган янги нав — сентябрь-октябрь ойларида пишади. Маҳсулот ташишга чидамли бўлиб, кейинги йил баҳоригача ўз сифати ва мазасини сақлаб қолади.
Фермер-селекционер Хоразм қовунининг ноёб ва йўқолиб кетган навларини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Унинг фикрича, деҳқонлар ва олимлар фақат қовун етиштириш билан чекланиб қолмасликлари керак. Улар ҳам янги навлар яратишлари зарур. Одамлар хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтож.
«Бу озиқ-овқат муаммоларини ҳал қилиш ва бизнесни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Шунинг учун ҳам академик бўлмоқчиман», — дейди Санъат.
Қовуннинг қайта ишлаш салоҳияти жуда юқори
Қуритилган қовун — Ўзбекистоннинг лаззатли таомларидан бири. Фото: Мавжуда Собирбоева
Тарвуздан фарқли ўлароқ, қовунни турли маҳсулотларга қайта ишлаш мумкин. Ўзбекистонда анъанавий равишда қишга қуритилади — тўйимли ва ширин тайёрланади. Шунингдек, қовундан мураббо, жем, шарбат ва десерт учун соуслар тайёрлаш мумкин.
«Мен худди банкалардаги ананас каби консерваланган қовун ишлаб чиқармоқчиман. Бу маҳсулотни ҳам Ўзбекистонда, ҳам хорижда сотиш мумкин бўлади. Бизнес режам бор, инвестиция керак», — дейди Санъат.
Статистик маълумотлар
Ўзбекистон — дунёдаги энг йирик қовун экспорт қилувчи давлатлардан бири.
2024-йилнинг январь–декабрь ойларида Ўзбекистонда 2,68 млн тонна полиз экинлари етиштирилган.
Шундан:
Фермер хўжаликлари — 1,5 млн тоннага яқин маҳсулот тайёрлаган.
Деҳқон хўжаликлари — қарийб 1 млн тонна қовун ва тарвуз етказиб берган.
2024-йил январь–июль ойларида Ўзбекистон қиймати $10,8 млн бўлган 24,3 минг тонна қовун экспорт қилган.
Асосий импортёр мамлакатлар:
Қирғизистон — 7,2 минг тонна
Қозоғистон — 6,2 минг тонна
Россия — 5,9 минг тонна
Латвия — 1,3 минг тонна
Германия — 0,8 минг тонна
«Қовун сайли» — туристик брендга айланмоқда
Ўзбекистонда қовун шунчаки полиз маҳсулоти эмас, балки маданий мероснинг бир қисми ҳисобланади. Қадимдан ҳосил йиғими «Қовун сайли» байрами билан нишонланиб келинган.
Бугун Ўзбекистонда ушбу анъаналар қайта тикланмоқда. Туристик шаҳарлар — Бухоро ва Хивада «Қовун сайллари» бўлиб ўтади, улар бутун дунёдан меҳмонларни жалб этади.
Бу нафақат энг яхши навларни татиб кўриш, балки минтақа маданиятини ҳис қилиш имкониятидир.
Санъат Қаландаровнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, фермерлик ва илм-фан уйғунлиги қишлоқ хўжалигини ривожлантиради. Унинг саъй-ҳаракатлари миллий маҳсулотни тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Бугун Хоразм қовуни — шунчаки ҳосил эмас.
Бу, айни пайтда, ҳудуднинг экспорт салоҳияти ва туризм имкониятларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.