Амалдорлар 2021 йилдан даромад ва мулклари ҳақида мажбурий декларация тўлдиради — Акмал Бурхонов

Улашиш:

Давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш коррупцияга қарши энг яхши самара берувчи йўналишлардан биридир, деб ҳисоблайди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов.

6 октябрь куни агентлик томонидан бажарилган ишлар ва келгуси режалар тўғрисида жамоатчиликка ахборот берилди. Акмал Бурхоновнинг маълум қилишича, тез кунларда давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилади.

«Бу жуда катта жараён. Агар биз давлат хизматчиларини даромадларини декларациялаш тизимини йўлга қўйсак, ишонаманки, коррупцияни олдини олишда катта қадам ташлаган бўламиз. Шунинг учун бу ишни амалга оширишга Жаҳон Банки экспертлари яқиндан ёрдам бериб келмоқда. 3-4 кун ичида буни ҳам жамоатчилик муҳокамасига қўямиз. Кимлар, қайси вазифа ва мансабдагилар декларацияланиши керак, уларнинг нималари ва қандай декларация қилинади, уларни қандай назорат қиламиз, декларацияни нотўғри тўлдирса, қандай чоралар кўрамиз — булар барчасини ушбу қонунда акс эттирмоқчимиз», — дея маълумот берди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг сўзларига кўра, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинганда, амалдорларнинг даромад ва мол-мулкларини декларациялаш тартиби жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

«Нимага депутат, сенатор ёки администрация ходимлари қолиб кетяпти, дея кўп савол беришди. Мен ишонтириб айтаманки, навбатдаги қонун лойиҳасида фуқароларни ҳаётига дахл қиладиган барча мансабдор шахслар, яъни энг юқоридаги мансабдор шахслардан тортиб, кейинги йилдан ўз мол-мулки ва даромадларини декларациялашга мажбурловчи нормалар киритилади», — дея қўшимча қилди Бурхонов.

Акмал Бурхонов маълум қилишича, қонун лойиҳасида талаблар бажарилмагани учун огоҳлантириш ёки интизомий жавобгарлик, маъмурий ва жиноий жавобгарлик турлари ҳам белгиланади.

«Биз янгилик яратаётганимиз йўқ бу хориж тажрибасида ҳам шунақа. Бизни мақсадимиз давлат бюджетидан маош оладиган ҳамманинг мол-мулки декларацияланиши керак. Давлат раҳбаридан тортиб, ҳукумат раҳбари, судьялар, прокурорлар, ҳокимлар, вазирлик идоралари раҳбарлари, бошқарма ва бўлим бошлиқларининг ҳаммаси декларацияланади.

Фақат бу босқичма-босқич яъни энг юқоридан бошлаб пастга қараб кетилади. Босқичма-босқич амалга оширилаётганлигининг сабаби — тизим бўлиши кераклигида. Ҳозир бизнинг ойлиги кам бўлганларни декларация қилишимиз кулгили бўлади ва вақт, ресурсларни сарфлаганимиз қолади. Бундан ташқари биз уларга, аввало, шароитлар яратиб беришимиз керак. Уларга агар ишлари самарадор бўлса, қанча устамалар берилади, қанча ойлик маош олишади, буни ҳисоблашимиз керак. Негаки, биздаги коррупциянинг энг катта омили бу — маошларнинг камлиги», — деди Бурхонов.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги жамоаси ушбу тизим 2021 йилдан жорий этилишини маълум қилди, аммо уни татбиқ этиш жараёни беш йилгача чўзилиши мумкин. Бундан ташқари, амалдорларнинг яқин қариндошлари ва оила аъзолари ҳам декларация топширишга мажбур бўлади. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.