Президентдан бошлаб барча мансабдорлар декларация тўлдириши таклиф қилинди

Улашиш:

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасида мол-мулки ва даромадларини декларация қиладиган мансабдор шахсларнинг барча тоифалари қамраб олинган. Президент ва бош вазир ҳам шулар жумласидан.

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялашга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги лойиҳани келишиш учун тегишли органларга киритган.

Бу ҳақда агентлик масъуллари иштирокида 7 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Идора масъул ходими Ўткирбек Намозбоевнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасида барча даражадаги мансабдор шахслар даромадларини декларация қилиш кўзда тутилган.

«Мансабдор шахсларнинг барча доираси қамраб олинган. Ҳужжат қабул қилиш ваколати бўлган барча мансабдор шахслар – қуйидан тортиб юқоригача бўлган мансабдор шахслар доираси қамраб олинган. Яъни президент, бош вазир... Умуман, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, республика ташкилотлари, ҳокимиятлар, суд, прокуратура – уларнинг барчаси биз тайёрлаган қонун лойиҳасида [мол-мулки ва даромадларини декларация қилиши] назарда тутилган», – деди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тўхташеванинг айтишича, декларациялаш тартиби қандай бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг ўрталарида ёки йил охирида қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас.

Аввалроқ агентлик директори Акмал Бурхонов амалдорлар 2021 йилдан даромад ва мулклари ҳақида мажбурий декларация тўлдиришини айтганди.

Бурхоновнинг фикрича, давлат хизматчилари декларация тўлдирилмаганлик ёки унга нотўғри маълумот киритилганлик учун қонунчиликка интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдаги қарор лойиҳаларидан бирида, бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар 2020 йил 1 январидан мулк ва даромадларини декларациялаши мўлжал қилинган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.