ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов Эргаш Салиевни «Ўзбек футболи ривожига қўшаётган ҳиссаси учун» соврини билан тақдирлади

Улашиш:

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2021 йилдан бошлаб янги анъанани йўлга қўяётганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, эндиликда ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган, Ўзбекистон довруғини жаҳон ареналарида таратаётган ва мамлакатда футбол оммавийлигини оширишда муҳим ўрин тутган футболчи ва мутахассислар ЎФА президентининг махсус совринлари билан тақдирланади.

ЎФA мажлислар залида ўтган тақдирлаш маросимида ассоциация президенти Aбдусалом Aзизов, биринчи вице-президент Равшан Эрматов ва бўлинмалар раҳбарияти иштирок этди.

Бу йил ушбу тақдирлаш жараёни биринчи бор йўлга қўйилди ва унда 5та номинация жорий этилди.

«Ўтган мавсумда мухлислар ва мутахассислар эътиборини қозонган, миллий жамоаларимиз сафида ишончли ўйин кўрсатган Иброҳимхалил Йўлдошев «Йил кашфиёти» номига сазовор бўлди. Совринни Равшан Эрматов ёш футболчимизнинг отаси Ҳабибулло Йўлдошевга топширди.

Ўзбек футболи афсонаси Геннадий Денисов «Миллий терма жамоа фахрийси» совринига муносиб деб топилди.

Ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида барчага ўрнак бўладиган, ҳар бир терма жамоанинг рамзига айланган футболчи Одил Aҳмедов Ўзбекистон миллий жамоасидаги мардонавор ҳаракати ва фидойилиги учун «Миллий терма жамоа юраги» соврини билан тақдирланди.

Жиззах вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эргаш Салиевнинг футбол оммавийлик даражасини оширишдаги меҳнатларига муносиб баҳо берилди. ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов Эргаш Салиевни «Ўзбек футболи ривожига қўшаётган ҳиссаси учун» соврини билан тақдирлади.

Италиянинг «Женоа» клуби сафида сермаҳсул ва юқори даражали ўйин кўрсатиб, ўзбек футболини жаҳонга янада танитаётган Элдор Шомуродов асосий номинация бўлмиш «Ўзбек футболининг ёрқин юлдузи» совринига лойиқ деб топилди. Мазкур совринни футболчининг отаси Aзамат Шомуродов ЎФA раҳбаридан қабул қилиб олди», дейилади расмий хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.