Самарқандда ИИБ ходимига 2 минг доллар пора беришга уринган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Улашиш:

Самарқандда ИИБ ходимига 2 минг доллар пора бермоқчи бўлган фуқарога жиноят иши очилди. 

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 2 февраль куни Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Солпи қишлоғида яшовчи фуқаро А.Б. «Х» исмли шахсга олти дона «НГМК САЯНИТ-П 36 мм» номли портловчи моддаларни 1 миллион сўмга сотаётган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида ушбу фуқаро унга нисбатан тўпланган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб бериб, жиноят иши қўзғатмаслик ҳамда уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига ИИБ ходимига 2 минг доллар пулни пора тариқасида таклиф қилган.

ИИБ ходими фуқарога бир неча маротаба пора бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамай А.Б. кейинроқ пулни олиб келишини айтган. Ҳолат юзасидан ИИБ ходими бошқарма бошлиғининг номига билдирги билан мурожаат қилган.

Билдиргига асосан 2021 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси Самарқанд вилоят бўйича бўлими ходимлари ва Қўшработ тумани прокуратураси томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро А.Б. ИИБ ходимининг хизмат хонасида ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича ишни ижобий томонга ҳал қилиш ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 2 минг доллар миқдоридаги пулларни берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.