Сирдарёда ҳайдовчи 750.000 сўм пул бериб жавобгарликдан қутилиб қолмоқчи бўлди. Лекин...

Улашиш:

Жорий йилнинг 18 январь куни Сирдарё вилояти, Гулистон тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Т.Жўрабоев белгиланган тақсимот асосида Гулистон тумани, Сойибобод МФЙ ҳудудига хизматга жалб этилган.

Хизмати давомида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиб ўтган “Матиз” русумли автомобилни тўхтатган. Ҳайдовчи Ф.А.да ушбу транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи меъёрий ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлган ва белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Ҳайдовчи Ф.А. маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомобилини жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига ЙПХ ходимига 100 АҚШ доллар пулни пора тариқасида таклиф этган. ЙПХ ходими Т.Жўрабоев ҳайдовчининг ушбу таклифини билдирги орқали вилоят ИИБ бошлиғи номига маълум қилиб қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ходимнинг билдиргиси асосида жорий йилнинг 18 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Ф.А. 750.000 (етти юз эллик минг) сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида ЙПХ ходимига берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚК Департаментининг Гулистон тумани бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-модда (Пора бериш)си 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.