АҚШдан Ўзбекистонга 27 нафар инглиз тили мутахассиси ташриф буюрди

Улашиш:

9 февраль куни Тошкент шаҳридаги 295-мактабда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистон мактаблари ва олий ўқув юртларида дарс бериш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган 27 нафар америкалик инглиз тили ўқитувчи ва олимлари билан учрашди.

Америкалик ўқитувчилар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзбекистонлик ҳамкасблари билан инглиз тили ўқитиш, касбий тайёргарлик, илмий тадқиқот ўтказиш ва педагогика соҳасида тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган.

2021 йилнинг бошида икки ҳафталик карантин ва таништирув дастуридан ўтган америкалик ўқитувчилар гуруҳи коронавирус пандемияси бошлангандан буён АҚШнинг Марказий Осиёга ташриф буюрган илк алмашув дастури иштирокчиларидир.

Ўқитувчиларнинг аксари маҳаллий ўқитувчилар билан бевосита дарсларда иштирок этади.

Дастур доирасида жорий йилнинг февраль ойидан 2022 йил январь ойигача 12 ой муддатга етти нафар юқори малакали инглиз тили мураббийлари умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари ўртасида инглиз тили дарсларини ўтказиш ва турли малака ошириш семинарларини ташкил этиш, инглиз тили соҳасида тажриба алмашиш бўйича турли тадбирларда қатнашадилар.

Шунингдек, “Fulbright English Teaching Assistant” дастури доирасида жорий йилнинг февраль ойидан 10 ой муддатга олти нафар инглиз тили мутахассислари умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилар ўртасида инглиз тили дарсларини ўтказиш учун жалб қилинган.

Мазкур мутахассислар Ўзбекистоннинг Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Жиззах, Навоий вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб боришлари режалаштирилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.