TikTok тақиқланди

Улашиш:

Покистон суд қароридан кейин TikTok ижтимоий тармоғини блоклайди. Бу ҳақда мамлакатнинг телекоммуникацияни тартибга солувчи ташкилоти вакили Хуррам Меҳранга таяниб, Tengrinews хабар берди.

«Суд Покистон телекоммуникация идорасидан TikTok’га киришни блоклашни сўради», — деб хабар берди Меҳран Dawn газетасига ҳамда ушбу буйруқ бажарилишини қўшимча қилди.

Пешавор шаҳри юқори судининг таъкидлашича, суд тармоқнинг ахлоқсиз контент тарқатаётгани ҳақидаги аризачининг далиллари билан танишиб, дастурни блоклаш тўғрисида буйруқ берган. TikTok’нинг Покистондаги вакилининг айтишича, у суд қарори ҳақида эшитган ва компания кейинроқ бу масала юзасидан изоҳ беради.

TikTok дастури Покистонда 2020 йилнинг октябрь ойида блокланган эди, лекин 10 кун ўтиб, компания маҳаллий қонунларга мувофиқ аккаунтларни модерация қилишни ўз зиммасига олганидан кейин тақиқ бекор қилинган.

Пекиндаги ByteDance компаниясига тегишли бўлган, қисқа видеолар яратиш ва кўриш учун мўлжалланган TikTok Покистонда WhatsApp ва Facebook’дан кейин энг кўп юклаб олинган дастурлардан бири ҳисобланади.

Маълумот учун, 2020 йилнинг сентябрь ойида Озарбайжон ҳукумати ҳам Арманистон билан можаро авж олиб бораётган бир пайтда ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни блоклаб қўйган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.