"Фуқаролик юки" нима?

Улашиш:

Ўзбекистон Республикасининг паспорт юзасидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш фуқаро ташаббуси билан, чиқарилиш эса давлат ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Иккала ҳолат учун ҳам президент имзоси билан изн берилувчи ҳукумат қарори лозим.

Асосий хабар ва ахборотларни вебсаҳифалар эмас, балки ўзига хос фикрлар қайновчи ижтимоий тармоқлар орқали бемалол олувчи аксарият ўзбекистонликлар орасида Ўзбекистонда қўш фуқаролик мақоми ҳақидаги мавзу вақти-вақти билан қатор фикр ва мулоҳазаларга сабаб бўлади. Бу масала юзасидан яқинда мутасадди расмийларнинг Кун.уз, Россиянинг Спутник Ўзбекистон ва Америка овозининг ўзбек хизмати мухбирларига берган жавоблари чоп этилди.

Унга кўра, бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистонга қайтганларида Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган бўлсалар, Ўзбекистон уларни Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олади. Яъни, масалан, чет элга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистонга Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган ҳолда Россия ёки бошқа чет эл паспорти билан Ўзбекистонга кириб келса, у Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинади.

Яъни агар Ўзбекистон фуқароси “Ўзбекистон фуқаролигидан чиққан бўлса ўрнатилган тартибда, унда улар чет эл фуқаролари сифатида тан олиниб, вақтинча рўйхатга олиниб, келгусида уларга доимий яшашга рухсатнома ҳам берилиши мумкин уларнинг хоҳиш-истакларига қараб. Бу бўйича Ўзбекистон чегараларида ёки бошқа хизматларда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди”. Мутасаддиларнинг бу икки баёнотларида аҳамиятга молик муҳим урғу сўзлар ‘ўрнатилган тартиб’ ва ‘бошқа хизматлар’ эканидир.

Одатда жаҳон мамлакатларида фуқароликни олиш одатда икки йўл билан амалга оширилади. Бу лотинчадан “jus sanguinis” – қон ҳуқуқи ва “jus soli” – тупроқ ҳуқуқидир. Қон ҳуқуқи тамойили фарзанднинг фуқаролиги у қайси давлатда туғилганидан қатъий назар ота-онанинг фуқаролигига мансуб бўлиши билан белгиланади. Тупроқ ҳуқуқи эса фуқаролик ота ё она ёки иккаловларининг фуқароликларидан қатъий назар фарзанд туғилган юртнинг қонунларига биноан, унинг фуқароси бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Аммо бу банд дипломатлар оиласи учун тааллуқли эмас.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, охирги ҳуқуқ кўп суистеъмол қилиниб, ундан асосан учинчи дунё мамлакат фуқаролари баъзи Америка ва Европа қитъаси давлатларида доимий равишда қонуний қўним топиш мақсадида фойдаланади. Бу баъзида “туғиш туризми” ёки “лангар чақалоқ” номи билан ҳам аталиб осиё ва африкаликлар бу имкониятдан фойдаланган ҳолда АҚШ ва Канадага, бир бола сиёсатидан қаноатланмаган хитойликлар эса Гонконгга саёҳат қилишади. Шунга ўхшаш икки фуқаролик халқаро ҳуқуқда бипатрид атамаси билан маълум имтиёз ҳисобланиб, турли мамлакатларда турлича кўриниш олган.

Ўзбекистонда Ўзбекистон фуқаролигини олиш ҳам, ундан чиқиш ҳам осон эмас. Ўзбекистон фуқаролигини олишни истовчиларнинг аксарияти мамлакат ичкарисидагилар бўлса, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишни истовчилар эса мамлакатни сиёсий, молиявий, эътиқодлари ё бошқа сабаблар боис аллақачон тарк этиб, бошқа давлат фуқаролигини олиб бўлган, аммо ўзларининг ҳаёт ва ҳаёт бўлмаган яқинлари хотираси билан яшовчи, она-ота ватанларига бирров бўлсада келиш илинжидаги кишилардир.  

Ўрнатилган тартиб нима?

Ўзбекистонда фуқаролик масалалари “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги” қонун доирасида кўриб чиқилади. У 2020 й. 13 март куни қабул қилинган бўлсада, унинг барча бандлари атиги 5 ой аввал ўтган йилнинг 15 сентябридан бошлаб кучга кирган. Унгача фуқаролик масалалари 1992 йилнинг ёзида қабул қилинган қонунга биноан 28 йил давомида юритилиб амалда бўлган. Ўзбекистонда фуқаролик ва паспорт тизимини яхшироқ тушуниш учун шу қонун кучга киргандан икки кун ўтиб қабул қилинган яна бир бошқа ҳукумат қарори билан танишиб чиқиш лозим. Унда фуқаролик масалаларини кўриб чиқиш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва ушбу соҳада кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини ошириш мақсадида «E-Fuqaro» идоралараро маълумотлар базасини жорий этиш механизмлари баён этилган.

Мазкур қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги Ўзбекистон Республикасида тан олинмайди. Шунингдек,

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш ёки фуқаролигини йўқотганлик тўғрисидаги қарори қабул қилингунига қадар бир вақтнинг ўзида чет давлат фуқаролигига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришдан бош тортиши ёки жавобгарликдан озод этилиши мумкин эмас.”

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролигидан ўрнатилган тартибда чиқишнинг икки тури мавжуд:

Яъни, бу ҳақда юқорида қайд этилган қонуннинг 23, 24, 25-моддаларида қуйидагилар ёзилган. Биринчи усул “Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш”, деб номланиб, у Ўзбекистон фуқаросининг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги илтимосномасига асосан амалга оширилади.

Иккинчи йўл “Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганлик”, деб аталиб қуйидаги ҳолатларда содир бўлиши кўзда тутилган:

25-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотиш асослари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилади:

а) шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида;

б) агар хорижда доимий яшовчи шахс етти йил мобайнида узрли сабабларсиз доимий консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

в) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида амалга оширилган бўлса;

г) агар шахс чет давлатнинг фойдасини кўзлаб фаолият кўрсатган ҳолда ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш йўли билан жамият ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса;

д) агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса;

е) агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини туғилганлик бўйича ёхуд чет давлат фуқароси бўлган отасининг ёки онасининг фуқаролиги асосида, вояга етмаган ёшида олган бўлса ва йигирма бир ёшга тўлгунига қадар чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирмаган бўлса.

Шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлиги унинг эрининг (хотинининг) ва фарзандининг (болаларининг) фуқаролиги ўзгаришига сабаб бўлмайди.

Жўнроқ қилиб айтиладиган бўлса Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш фуқаро ташаббуси билан, чиқарилиш – эҳтимол “ҳайдалиш куйини чалиш” – эса давлат ташаббуси билан амалга оширилади. Иккала ҳолат учун ҳам президент имзоси билан изн берилувчи ҳукумат қарори лозим.

Қандай ҳолатларда фуқаролик масалаларига оид материалларни кўриб чиқиш тугатилади?

42-модда.

а) шахснинг давлат олдида бажарилмаган мажбуриятлари ёки фуқаролар ёхуд давлат органлари ва бошқа ташкилотлар манфаатлари билан боғлиқ бўлган унинг мулкий мажбуриятлари мавжудлиги;

б) шахснинг қидирувда эканлиги;

в) агар шахс айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилган, судланган ва жазони ўтаётган бўлса;

г) шахсга нисбатан қонуний кучга кирган ва ижро этилиши лозим бўлган суд ҳукмининг мавжудлиги;

д) била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этганлик;

е) Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги манфаатларига зидлик;

ж) шахснинг вафот этганлиги.

“E-Fuqaro” идоралараро маълумотлар базаси таркибида Мажбурий ижро бюроси, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Олий суд, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлигидан иборат давлат муассасаларининг борлиги, уларнинг тимсолидаги ўзбек адолат фемидаси фуқароларнинг коммунал хизмат тўловлари бўйича қарздорлик, ўта йирик миқдордаги иқтисодий жиноятлар, фирибгарлик, товламачилик, алимент, четга легал кетган-кетмаганлиги, ҳарбий хизматдан бўйин товлаш каби мажбурият ҳамда қатор бошқа жиноий ва маъмурий жавобгарликлардан ҳоли эканлигини тасдиқлаш белгиланганлигини англаш мумкин. Назаримизда, брифингда зикр этилган “бошқа хизматлар” бирикмаси коса остидаги нимкоса сифатида айнан шу идораларнинг фуқароликдан чиқиш истагида бўлган шахсларга нисбатан ҳеч қандай даъволари мавжуд эмаслигига амин бўлиш лозимлиги назарда тутилган.

Бу борада мамлакат Ички ишлар вазирлигининг 2020 февралдаги маълумотига кўра, хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида Россияда 424 нафар, Қозоғистонда 94, Қирғизистонда 22, Беларусда 4, Озарбайжон ва Тожикистонда 3 нафардан иборат қидирувдаги шахслар қўлга олиниб, улардан 182 нафари экстрадиция қилиниб, Ўзбекистонга олиб келинган.

Яна бир жиҳати фуқароликка қабул қилиш, тиклаш, фуқароликдан чиқиш ёки уни йўқотишга доир қарорлар Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси томонидан шакллантирилган идоралараро маълумотлар базаси хулосалари асосида Ўзбекистон Президентининг фармонлар тарзида қабул қилинади ва имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

2017 йилгача Ўзбекистонда 20 йиллаб яшаб, Ўзбекистон фуқаролигини минглаб кишилар ола олишмаган ва уларга “Фуқаролиги бўлмаган шахс( Лицо без гражданства)” ҳужжатига эга бўлишган. Ушбу қонунга биноан фуқаролиги бўлмаган шахсларга “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган ва ўзининг чет давлат фуқаролигига мансублигига доир далилга эга бўлмаганлар” тавсифи берилган. Халқаро ҳуқуқда уларга нисбатан “апатрид” атамаси ишлатилади.

Аввалроқ айрим тилшунослар “фуқаро” сўзи араб тилида фақир ва камбағал маъноларини англатишини, шу боис унинг ўрнига “ватандош” сўзини қўллаш лозимлиги ҳақида мулоҳаза юритишган эди. Қозоғистонда фуқароларга нисбатан “азамат”, Қирғизистонда “жараны”,  Тожикистонда “шаҳрванди”, Туркманистонда “rayati”, Туркияда “vatandaş” каломлари ишлатилади. Ватандош сўзига эга Ўзбекистон миллий қонунчилигида қуйидагича тавсиф берилган:

“ватандош — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган ёки илгари унинг ҳудудида яшаган, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшайдиган шахс ва унинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан кейинги қариндошлари, башарти, агар уларнинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган бўлса ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлса”.

Ўзбекистон паспорти бир неча маротаба ўзгарган – мустақилликдан кейинги дастлабки ҳозирда эски, деб аталувчи паспорт; ИКАО талабларига кўра 2011 йилдан бошлаб жорий этилган биометрик паспорт; 2019 йилдан бошлаб хорижий қизил паспорт ва 2021 йилдан бошлаб мамлакат ичида амалда бўлувчи ID-карталардир. 10 йил давомида хорижий давлатларга чиқиш ҳуқуқини берувчи қизил паспорт жорий қилингунга қадар эркин ҳаракатни чекловчи совет даври архаикаси сифатида кўплаб танқидларга сабаб бўлган четга чиқиш учун расмийлаштирилувчи икки йиллик ОВИР стикер визаси амалда бўлган. Усиз МДҲга аъзо Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Украина ва Қозоғистонга саёҳат қилиш мумкин эди. Аммо бехосдан ё бошқа сабаблар боис муддати ўтган стикер билан санаб ўтилган давлатлар орқали учинчи давлатга ўтиб кетгудек бўлинса, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айблови билан оғир маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлинган.

2019 йилнинг кузида Ўзбекистоннинг чет элдаги қатор элчихоналари хорижий давлатларга доимий яшашга чиқиб кетганликларига уч йилдан ошган бўлсада консуллик ҳисобига турмаганлари боис Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишлари мумкин бўлган 1150 нафар шахснинг рўйхатини эълон қилган.

Ўзбекистон паспортининг тез-тез ўзгариши эҳтимол баъзи кузатувчилар наздида, хорижда юрган Яқин ва Ўрта Шарқ ҳарбий можароларига аралашиб қолган ўзбекистонликларнинг фуқароликка мансублик даражасини муайян даражада жиловлаш билан боғлиқ бўлган бўлиши мумкин. Ҳамма ҳужжатлари жойида бўлган айрим ҳолатларда ҳам Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга киритилмагани қатор онлайн ахборот саҳифаларида маълум қилинган эди. Муқаддам ҳукумат мавқеидан мустақил дунёқарашга эга деб қабул қилинувчи айрим ватандошлар Тошкент аэропортининг ўзидан ортга қайтариб юборилган ҳолатлари юз берган бўлса, баъзилари эса ичкарига олиб кириб кетилиб, сўроқ қилиниб, сўнгра қўйиб юборилган. Эътироз билдирувчиларга фуқароликнинг йўқолишига сабаб қилиб, 2013 йилда қабул қилинган расман эълон қилинмаган ички ҳужжат асос сифатида кўрсатилган. Ушбу ҳолат танқидчиларига кўра, бу қарор билан мамлакат мухолифатчиларни давлат ташқарисида масофада тинчгина ушлаб туришни афзал кўраётгани белгиси сифатида баҳоламоқдалар.

Фақат сўнгги йиллардаги ўзгаришлар асносида, Ўзбекистонга 1995 йилгача кўчиб келган 50 минг нафардан ортиқ шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилган. Яқин орада Ўзбекистон 2005 йилгача республикага келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериб, бу имкониятдан яна 20 минг киши баҳраманд бўлиш арафасида. Яқин истиқболда эса Ўзбекистонда 15 йил муқим яшаган шахсларга фуқаролик бериш режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Ш.Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга мурожаатномасида маълум қилган. 

Қўш фуқаролик масаласига ўта хассослик билан ёндашилишининг яна бир томони, бу катта сиёсатда қўлланилувчи фуқароликни бериш оқибатлари ҳудудий яхлитликнинг дарз кетишига олиб келувчи геостратегик манфаатлар тўғрисидаги воқеълик ҳам бўлиши мумкин. Бунга мисол сифатида Венгрия, Руминия ва Россиянинг Молдова ва Украинанинг ўн минглаб аҳолисига ўз паспортларини ёппасига расмийлаштириб берганини келтириш мумкин. 

Мухтасар қилиб айтиладиган бўлса, қўш фуқаролик хавфсизлик ва ҳукумат белгилаган жиноят учун жазо муқаррарлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистонда расман таъқиқланган, ҳар бир илтимоснома эса ҳолатлар бўйича ўрнатилган тартибда тегишли хизматлар билан ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда алоҳида-алоҳида кўриб чиқилиши қонун ҳужжатлари ва ҳукумат қарорларида белгиланган.

Дунёдаги 6 та ҳудуд ва БМТга аъзо 193 мамлакатнинг очиқлик даражаси, паспорт, виза тизимлари ҳамда фуқароларнинг мобиллигини мониторинг қилиб борувчи қароргоҳи Лондонда жойлашган Henley & Partners (H&P) халқаро консалтинг компаниясининг 2021 йилги рейтинги бўйича Ўзбекистон 86-ўринни эгаллаган. Бу рўйхатда Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон Туркманистон (90)дан олдинда, Қозоғистон (70) эса пешқадам, Қирғизистон (80) ва Тожикистон (85) биздан сал тепада. Негадир кўзга кўринган ислоҳотларга қарамасдан Ўзбекистоннинг паспорт жозибадорлиги даражаси 2006 йилги 72-ўриндан ҳозирги ҳолатга тоифалаштирилган. Мазкур рейтингда 1-ўринда Япония, охирги 110-ўринда Афғонистон туради.

Ўзбекистон фуқароларининг Ўзбекистон паспорт режими билан боғлиқ сўнгги юридик маълумотларга эга бўлишлари уларни нохуш казуслардан ҳимояланишлари ҳамда ўз ҳуқуқларидан оқилона фойдалана олишларига хизмат қилиши мумкин.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.