Самарқандда аёлларга уйланиб, пулларини ўғирлаб кетадиган эркак қўлга олинди

Улашиш:

Самарқандда бир неча аёлларга уйланиб, пулларини ўғирлаб кетган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ҳ. исмли эркак Пайариқ шаҳарчасидаги тўйхонада танишган Ш. исмли аёл билан шаръий никоҳ қурган. Бирга яшаш учун Ҳ. Баҳрин қишлоғидан Ш.ни унинг номига уй-жой қуришга ер сотиб олишга кўндирган. Шундан сўнг 2018 йилнинг июнидан октябрь ойига қадар Ҳ. ер сотиб олишини айтиб, аёлнинг 6 миллион сўм маблағини қўлга киритган. Бундан ташқари, уй олинишдан аввал тўйхонада уларнинг тўйи бўлган. Тўйнинг эртаси куниёқ Ҳ. «ишга кетяпман», деганча қайтиб келмаган. Маълум бўлишича, тўй харажатларини ҳам аёлнинг ўзи қоплаган.

Эркак Ш. билан тўйи бўлишидан бир оз аввал Дўстлик маҳалласида яшовчи Н. исмли жувон билан тасодифан танишиб қолган. Турмушидан ажрашган, ўғли билан ота-онасиникида яшаётган Н. ўзини Самарқанд вилояти ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлимида ишловчи масъул ходим деб таништирган Ҳ.нинг алдовига ишонган. У аёлга беш йил олдин хотинининг вафот этгани, А. исмли ёлғиз ўғли Тошкентда футбол-интернат мактабида ўқиётганини айтган. Н.унинг ёлғизлигига раҳми келиб, турмуш қуриш ҳақидаги таклифига тезда рози бўлган.

Шаръий никоҳ асосида улар аёлнинг қариндошларидан бирининг қўшни қишлоқдаги ҳовлисида яшаган. Олий таълим муассасаларидан бирида сиртдан ўқиётган аёл шартнома пулини тўлаши учун пластик картасига иш ҳақидан 5 миллион 300 минг сўм йиққанини билиб қолган эркак тўловни бирон-бир фермер хўжалиги ҳисобидан ўтказиб беришни ваъда қилган. Унинг бу гапига ишониб, пластик картасини берган Н.га 300 минг сўмни қайтарган эркак 5 миллион сўмни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб, уйга келмай қўйган ва бундан шубҳаланган аёл у ҳақида суриштира бошлаган. Бироқ эркак ҳақида ҳеч қандай маълумот тополмаган. Шу орада Н.нинг уй-жой масаласида туман хотин-қизлар қўмитасига қилган мурожаатига кўра,  тиббиёт коллежининг бўш турган ётоқхонасидан учта хона ажратиб берилган. Н. ўғли билан янги жойга кўчиб ўтганда эркак келиб, улар яна бирга яшай бошлаган.

Ҳ. аёлларнинг пулини ўзлаштиришдан ташқари, Самарқанд шаҳрида яшовчи А.Н. исмли новвой эркакка янги уй олишда ёрдам беришини айтиб, 28 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган. Таъкидланишича, оиласи билан ижарада яшовчи А.Н. машинада Ҳ. билан танишиб қолган. У новвойга туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Э.Б. яқин ўртоғи бўлишини айтиб, керакли ҳужжатларни ва бошланғич тўлов учун 28 миллион сўм кераклигини айтган. Новвой қариндошларидан қарз олиб, ҳужжатлар билан бирга Ҳ.га берган. Кейинги куни у А.Н. билан учрашиб, «уйники», деб қўлига уч дона калит берган. Тушдан сўнг қурувчи билан бирга уйни кўрсатишини айтиб, қочиб кетган. Ҳ. келмагач, янги қурилаётган уйларга бориб, ҳамма эшикка қўлидаги калитларни солиб кўрган. Лекин улар бирорта эшикка тўғри келмаган.

Аслида Ш.Ж. ва Н.Ғ.га шаръий йўл билан уйланиб, бирини олти, иккинчисини беш, фуқаро А. Нуримовни эса 28 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган бу эркак Пайариқ туманининг Гулистон қишлоғида яшовчи Қ.Х. бўлиб чиққан.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модда (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди ва 28-модда (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-модда (Пора бериш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукмда судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш қайд этилди.

Аввалроқ Наманганда ўғил ўз уйидан пул ва тилла тақинчоқларни ўғирлагани ва Россияда ўзбекистонлик аёл ўзи ишлаган уйдан 1 миллион рублдан ортиқ пул тунагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкентда 70 ёшли аёлни бўғиб, уйидан тилла ва пул ўғирлаб кетган икки эркак ушлангани маълум қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.