Орзу-ҳавас учун харажатлардан орттириб, пул йиғишга ёрдам берадиган 8 усул

Улашиш:

Анчадан буён ўйлаб юрган орзуларни амалга ошириш, саёҳат қилиш ёки каттароқ харид қилиш учун кўп маош олишдан ташқари уни ўйлаб ҳисоб-китоб билан сарфлаш ҳам муҳим саналади.

Кўчада овқатланманг
Таомни уйда тайёрлашга ва тушликни ўзингиз билан олиб юришга уриниб кўринг. Ўйлаб кўринг, сиз таом харид қилишга кетказган пулга қанча маҳсулот олиш ва уни неча кунга етказиш мумкин.

Дўстларингизни уйга меҳмонга таклиф қилинг
Дўстлар билан вақтни нафақат ресторан ва кинода, балки уйда ҳам мароқли ўтказиш мумкин. Қизиқарли ўйин ва кўнгилочар дастурлар тузишингиз, харажатларни эса тенг тақсимлашингиз мумкин. Ё бўлмаса, бор маҳсулотлардан озгина фантазияни ишга солиб, мазали таом тайёрласангиз ҳам бўлади. Гап шундаки, у ёки бу ерга бориш уйдан кўра анча қимматга тушади. Масалан, кинога бориб, пул сарфламасдан, уйда яхши фильм дискини томоша қилинг. Попкорнни эса уй шароитида тайёрласангиз ҳам бўлади. Ишонинг, пулингиз сезиларли даражада тежалади.

Жамоат транспортидан фойдаланинг
Автомобиль ҳайдаш ва таксидан фойдаланиш қулай, албатта, аммо бу ойликни кўкка совуришдан бошқа нарса эмас. Метро ва автобус маблағингиз тежалишига ёрдам беради. Масалан, Халқлар дўстлигидан Дархонгача таксида ўртача 10 минг сўмга келишингиз мумкин. Бориш ва қайтиш эса дейлик, 20 минг сўм бўлади. Унинг ўрнига метродан фойдалансангиз, келиш ва кетишингиз 2800 сўмга тушади. Қай бирини танлаш эса сизнинг хоҳишингиз ва чўнтагингизга ҳавола.

Севимли машғулотни даромад манбайига айлантиринг
Бу усул пулни тежашга ва ойликдан ташқари қўшимча даромад топишга ёрдам беради. Асосийси эса журъат топиш ҳамда булочка пишириш, кашта тикиш ва сурат чизиш орқали ҳам пул топиш мумкинлигини унутмаслик. Нимага кўпроқ қизиқасиз-у, ниманинг уддасидан яхшироқ чиқасиз, ўйлаб кўринг. Кейин эса сизнинг ижод маҳсулингиз кимларни қизиқтириши мумкинлиги ва қаерда яхши кетиши ҳақида бош қотиринг ва шунга асосан ишларингизни режалаштиринг.

Пластик карта эмас нақд пулдан фойдаланинг
Ўзингизга ўзингиз кераксиз харажат қилмасликка сўз бериб, дўкондаги чиройли кўйлак ёки косметик воситанинг олдида иродасизлик қилмаганингизга аминмисиз? Олишга олиб, бунақаси бор эди, бекор бундай қилдим, деб афсусланмаганингизга-чи? Маош тушганидан кейин пластик картани ҳамёнда олиб юришнинг оқибати мана шундай якун топиши кўп кузатилади. Шу сабаб ҳам кундалик харажатларингиз ва ҳар эҳтимолга қарши бироз кўпроқ нақд пул олиб, кўчага чиқинг. Картангиз эса уйда қолсин.

Чегирма ва акциядаги маҳсулот ва буюмларни харид қилинг
Яқини шу, деб олдингиздаги қиммат дўкондан харид қилгандан кўра бироз эринмасдан, акция ва чегирмалар кетаётган савдо марказлари ҳамда дўконларга ташриф буюринг. Ижтимоий тармоқларда дўконларнинг расмий саҳифасини кузатиб турсангиз, бундай янгиликлардан хабардор бўласиз.

Бепул Wi-Fi’дан фойдаланинг
Бу аҳамиятсиз ва кичик туйилгани билан сизга анча пул тежаш ва йиғишга ёрдам беради.

Маошингизнинг маълум қисмини жамғариб қўйинг
Маошингизни керакли харажатларга сарфлашдан ташқари маълум қисмини ишлатмасдан йиғиб қўйинг. Ҳар ой 100 минг сўмдан олиб қўйган тақдирингизда ҳам бир йилда йиғилиб, 1 миллион сўм бўлади. Кўпроқ йиғсангиз, шунга яраша кўпроқ жамғарилади. Юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз харажатлар камаяди ва кўпроқ пул тўплашингизнинг иложи бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.