Жиззахда ННТларнинг бугунги ҳолати таҳлилий ўрганилмоқда

Улашиш:

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг бугунги кундаги асосий муаммолари нималардан иборат? Уларни ривожлантириш учун қандай ишларни амалга ошириш зарур? Дунё миқёсида тинчлик ва тараққиётни таъминлашда ННТ ларнинг роли нималарда кўринмоқда?

Марказий Осиёда PeaсeNexus Foundation дастури доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ўтказилган тадқиқот тадбирида шу каби саволларга жавоб олинди.

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий аcсоциацияси Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси маъмурий биносида ташкил этилган мулоқотлар аввалида Ҳаракатнинг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари иштирокчиларга тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, PeaсeNexus фондининг тажриба ва режалари, тинчликни таъминлаш ва ижтимоий бирдамлик йўлидаги ҳамкорлиги тўғрисида маълумот берди.

Маълумот ўрнида, тадқиқот ишларида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг 30 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

– Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида салоҳиятли кадрларга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан кўра юқорироқ. Кўплаб ташкилотлар молиявий манбаларнинг етишмовчилиги тўсиғига дуч келишмоқда. Фикримча, ҳозирда бу ташкилотларнинг асосий муаммолари, – дейди тадқиқот иштирокчиларидан бири.

Шунингдек, яна бир респондент давлат ташкилотлари вакиллари ва фуқаролик жамияти институтларнинг ўзаро муносабати яхши даражада эмаслиги, давлат ташкилотлари ушбу ташкилотларга 2-даражали сифатида қарашлигини келтириб ўтди. Респондент ушбу ҳолатни бюрократиянинг бир кўриниши ва бу мамлакат ривожи йўлидаги асосий тўсиқлардан бири  сифатида баҳолади. У сўзи якунида соғлом мулоқот тизимини яратиш юзасидан ўз таклифларини ҳам билдирди.

2 кун давом этган таҳлилий ўрганиш ишлари якунида респондентлардан соҳага оид қўшимча фикр-мулоҳазалар олинди. Айтиш жоиз, нодавлат нотижорат ташкилотларининг бугунги фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Музаффар МАМАТҚУЛОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах

вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси,

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар кенгаши депутати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.