«Малика», «Белдирсой», «Пойтахт» ва бошқа йирик объектлар сотувга қўйилди

Улашиш:

Йирик давлат активлари бўйича оммавий савдолар жараёни бошлангани эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, сотиш малакавий саралаш ва талабгорларнинг сотиб олиш қобилиятини баҳолаш орқали икки босқичда амалга оширилади. Қайд этилишича, биринчи босқичда талабгорлар олдиндан малакаланади.

Хусусан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пули келиб тушганлиги, давлат активларидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга нисбатан талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади. Шунингдек, иккинчи босқичда талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.

Бундан ташқари, савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар 30 апрель соат 18:00 га қадар кўрсатилган электрон манзилга тақдим этилади. Биринчи босқичда ариза шакли юридик ва жисмоний шахслар учун юборилади.

Савдонинг иккинчи босқичига ўтган талабгорлар тўғрисида Давактив агентлиги томонидан ўзининг расмий сайтида эълон чоп этилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида савдонинг иккинчи босқичида қатнашиш учун эълоннинг 2-иловасидаги ариза намунаси тўлдирилиб, (тасдиқланган ҳолда) таклифлар тақдим этилади. Иккинчи босқичда ариза шакли юридик ва жисмоний шахслар учун юборилади.

Сотувга қўйилган объектлар рўйхати:

  1. «Пойтахт бизнес мажмуаси» МЧЖ мулкий мажмуаси
  2. «Ичан қалъа» меҳмонхона мажмуаси
  3. «Белдирсой оромгоҳи» дам олиш маскани
  4. «Сижжак» дам олиш маскани
  5. «Қизил сув спорт соғломлаштириш» МЧЖ
  6. «Малика» савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси
  7. «Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси» биноси
  8. «Маъмурий бино» (Собиқ Республика биржа маркази)
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.