Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йил 16 декабрдаги «Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини сотиш тўғрисидаги эълонга мувофиқ, сотиш жараёнининг навбатдаги босқичи якунланганини маълум қилди.
Давлат тендер комиссиясининг қарорига мувофиқ, давлат улушини сотиш жараёнининг иккинчи босқичига ўтказилган талабгорлар билан Давлат активлари агентлиги ҳамда компания ўртасида ахборотни ошкор этмаслик тўғрисида битимлар имзоланган.
Қайд этилишича, Давлат улушини сотиш бўйича молиявий маслаҳатчи — «Rothschild & Cie» инвестиция банки томонидан талабгорларга иккинчи босқич юзасидан жараён хати юборилган. Шунингдек, компаниянинг 2017, 2018 ва 2019 йиллардаги молиявий ҳисоботлари, бизнес режаси ҳамда компания фаолиятининг молиявий, солиққа оид, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари батафсил баён этилган ҳисоботлари тақдим этилган.
Бугунги кунга қадар талабгорлардан компанияни сотиб олиш бўйича мажбурий бўлмаган (индикатив) таклифлар келиб тушган. Мазкур таклифлар «Rothschild & Cie» инвестиция банки ва «Dentons» юридик фирмаси билан биргаликда ўрганиб чиқилиб, Давлат тендер комиссиясининг қарори билан навбатдаги босқичга ўтказилган.
Бундан ташқари, айни пайтда талабгорлар фойдаланиши учун Давлат активлари агентлиги томонидан «KPMG» халқаро аудит компанияси ва «Dentons» юридик фирмаси билан биргаликда компаниянинг молиявий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ахборотларини ўз ичига олган виртуал маълумотлар базаси яратилган.
«Жараённинг мазкур босқичида талабгорларга виртуал маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда компанияга оид қўшимча ўрганишларни ўтказиш, компания тақдимотида иштирок этиш, компания раҳбарияти билан мулоқот ҳамда савол-жавоблар сессияси учун имконият берилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Coca-Cola»даги давлат улуши талабгорлари аниқлангани ва Ўзбекистонда «Coca-cola» компаниясининг давлат улуши нега сотилаётганига изоҳ берилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш жараёни тезлаштирилиши маълум қилинган.