Ўзбекистондаги «Coca-Cola»нинг давлат улушини сотиб олиш учун 150 миллион АҚШ доллари берадиганлар бор. Аммо...

Улашиш:

Яқинда «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU)нинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотилиши бўйича шубҳалар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ушбу ҳолат бўйича бир қанча ташкилотлардан мурожаатлар келишни бошлади ва бу аукцион очиқчасига ғирромлик деб баҳоланмоқда. Қайд этилишича, Ўзбекистондаги бир қанча алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар ушбу аукционда қатнашиб, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг давлат улушини сотиб олишни истамоқда. Аммо аукционда қатнашиш қонун-қоидалари уларнинг иштирокига тўсиқ бўлмоқда экан.

Шулардан бири — «Hydrolife Bottlers» МЧЖ томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига юборилган ва таҳририятга нусхаси тақдим этилган мурожаатда шундай дейилади:

«... эълон чиққандан кейин онлайн савдода иштирок этмоқчи бўлдик. Бироқ шартлар билан танишмоқчи бўлганимиздаёқ ҳаёлимга «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг давлат улуши сотилиб бўлинибдику, энди нима қилади эълон қилиб деган фикр келди. Чунки шартлар билан танишишнинг ўзидаёқ шарт қўйиляпти. Шартларга рози бўлиб ичидаги савдо шартлари билан танишсангиз, талабга жавоб берадиган тадбиркор ёки ташкилот Ўзбекистонда йўқлигига амин бўласиз».

Шунингдек, Ўзбекистондаги 1-рақамли, йиллик савдо айланмаси 1,5 триллион бўлган, барқарор даромадга эга заводни сотиб олиш учун «Hydrolife Bottlers» МЧЖ 150 миллион АҚШ доллари ҳам тўлашга тайёрлигини билдиришган. (Қизиғи, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоиз давлат улушига кимдир 70 миллион бермоқчи бўлса, шу билан Ўзбекистон ҳукумати музокарани бошлайди деб айтиб қўйганди. Икки карра юқори нарх таклиф қилаётганлар бор бўлса, нега давлат улушини хориж компаниясига арзонга беришмоқчи?).

Ўзбекистоннинг яна бир корхонаси — «PERFECT SHINE ENERGETIC» МЧЖ ҳам йилига 27 миллион доллар соф фойдага эга йирик заводнинг давлат улушини сотиб олишни истайди. Аммо бу компания ҳам моддий томондан қурби етса-да, сотиб олишига қўйилган «махсус» талаблар тўсиқ бўлаётганини баён этган.

«PERFECT SHINE ENERGETIC» МЧЖ томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юборилган мурожаатида қуйидаги эътирозлар билдирилган:

«...Шуми ошкоралик? Хулоса қилиб айтганда, жамиятимизда мавжуд иллатлар ҳали ҳам турли хил усуллар билан ҳимоя қилинмоқда. Ижрочилар ўз иш тажрибаларида йиллаб шакллантирган «ёпиқ тизим»ни осонликча қўлдан бой бергилари йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш ташкилоти буларни кўра била туриб нега жим. Бу ташкилот нима мақсадда тузилган эди?!

Мен бир оддий тадбиркор сифатида Сиздан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг давлат улушини сотиш бўйича ўтказилаётган аукцион савдосини амалдаги қонунчиликка асосан ўтказилишини таъминлашингизни сўрайман», – дейди «PERFECT SHINE ENERGETIC» МЧЖ раҳбари.

Англашиладики, Ўзбекистондаги «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг давлат улушини сотиб олишни истайдиган тадбиркор ва ташкилотлар ўзимизда ҳам талайгина бўлиб чиқмоқда. Аммо улар аукционда қатнашиш имкониятидан маҳрум. Асл сабаб эса сирлигича қолмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.