Сурхондарёда ҳамширанинг хатоси сабаб 7 синф қиз фалаж бўлиб қолди

Улашиш:

 Касб маҳорати деганда инсон умри давомида шуғулланадиган фаолиятига доимо эътиборли бўлиб, билим олиш орқали тажриба тўплаб бориши тушунилади. Шундай бир касб борки, агар бу касбда кичик бир хатолик ҳам инсон соғлигига жиддий путур етказиб, тузатиб бўлмас хатоликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шифокорлик соҳаси ана шундай ўта масъулиятли, чуқур билим ва тажриба талаб қиладиган шарафли касблардан биридир. Бу касбда ўз фаолиятини доимо вужуди каби парваришлаб, етук малака, билим, тажриба тўпламай юришлик оғир оқибатларги олиб келишини биргина мисол орқали ҳам билиб олса бўлади.

Шеробод туманидаги «Катта боғ» маҳалласида яшовчи Мунаввар Олтибоева (Исм-фамилиялари ўзгартириб берилмоқда) мактабда ҳамшира бўлиб ишлайди. Иш фаолиятини давом эттираётган вақтда, 7-синфда таҳсил олаётган ўқувчи қиз Шаҳноза Бердиева унга соғлиги ёмонлашаётганлигини айтиб мурожаат қилади.

Ҳамшира М.Олтибоева вояга етмаган қизчани соғлигига тўғри ташхис қўйиш ёки Тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимига мурожаат қилиш чорасини кўрмасдан,  оғриқ қолдирувчи «ношпа» препаратини беморнинг мушак ости соҳаси (сон орқа нерв толаси ўтган соҳа)га нотўғри муолажа (укол) қилганлиги унинг соғлиги ёмонлашишига, яъни  ўнг оёқ фалажи бўлиб қолишига сабабчи бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг ҳукми билан Мунаввар Олтибоева содир этган эҳтиётсизлик ва малака сустлиги сабабли қилган жинояти учун Жиноят кодексининг 116-моддаси, 1-қисми билан айбдор деб топилиб, бир ярим йил муддатга соғликни сақлаш тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосига тайинланди.

Зуфар НАРЗИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси
Олим ТОҒАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.