Тошкентдаги Чирчиқ дарёси бўйида виллалар ва хизмат кўрсатиш пунктлари қурилади

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишганди. Лойиҳалардан бирида Чирчиқ дарёси соҳили бўйлаб турли инфратузилма объектларини қуриш кўзда тутилган.

Аввалроқ лойиҳа 2020 йил 29 май куни Президентнинг Сергели ва Зангиота туманларига ташрифи якунлари бўйича тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди. Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65—80 метргача торайтириш режалаштирилмоқда. Ҳосил бўлган бўш ер майдонида «Дарё бўйи Business City» лойиҳаси амалга оширилади. У ерда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.
«Gazeta.uz»нинг ёзишича, лойиҳа 16 километр масофадаги — Оҳангарон шоссесидан Янгиҳаёт туманигача бўлган ҳудудни эгаллаши кутилмоқда.

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тақдим этган лойиҳага кўра, дарё қирғоғини торайтириш, очилган ҳудудда замонавий турар жойлар қуриш, рекрация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳудудларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Ободонлаштирилган соҳил бўйи яратилади.

Тошкент ҳокими ўринбосари — Инвестицияларни бошқариш ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Шароф Раҳмонов «Дарё бўйи Business City» лойиҳаси икки йил давомида амалга оширилишини маълум қилди. Бунда Бектемир туманидаги биринчи босқични 2021 йилда якунлаш режалаштирилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, дарё ўзанини торайтириш ҳисобига 5 километр масофадаги биринчи қисмида 40 гектарга яқин ер бўшатилади. Очилган ҳудудда савдо марказлари, замонавий ишлаб чиқариш бинолари, меҳмонхоналар ва сайр зоналари пайдо бўлади.
Тақдимотга кўра, иккинчи босқичда (5 километр) — виллалар, учинчисида (3 километр) соҳил бўйи шаҳарчаси, тўртинчисида юқори технологияли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш пунктлари қуриш режалаштирилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 100 миллион долларга баҳоланмоқда.
Қурилиш вазири Ботир Зокиров ушбу лойиҳа шарофати билан шаҳарнинг «сув артерияси» тартибга солиниши ва хавфсиз бўлишини билдирди.

Чирчиқ дарёси ҳавзасининг торайтирилиши ҳисобига бўшатиладиган жами 400 гектар ер «Дарё бўйи Business City» лойиҳаси доирасида инвесторларга сотилишини Business City дирекцияси инвесторлар билан ишлаш менежери Ирода Ўринова маълум қилганди. Ушбу ҳудудда, шунингдек, дам олиш жойлари, турар жойлар, савдо-кўнгилочар марказлар, мактаблар, фабрикалар ва бошқа объектларни қуриш ҳам режалаштирилган.

«Бугунги кунда сув сатҳи аввалги кўрсаткичлардан паст. Дарё соҳиллари жуда узун, бироқ, афсуски, ҳозирда инсон аралашуви сабабли ачинарли аҳволга келиб қолган. Кўриниб турибдики, туташ ҳудудлар карьерга айланиб қолган, бу ерда машиналар кўп. Бу экология учун жуда катта зарар, чунки бу ердан табиат ресурслари — тупроқ ва шағал олиб чиқиб кетилмоқда», — деб таъкидлаган Ирода Ўринова.

Қирғоқларни мустаҳкамлаш ва дарё ҳавзасини торайтириш лойиҳаси учун Молия вазирлиги Тошкент ҳокимиятига 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз ссуда ажратади. Маблағ бўшатилган ерларни инвесторларга сотиш ҳисобига қайтарилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.