Ҳисоб-китоб: Ўзбекистоннинг Саудияга қарши ўйинда қайд этиши керак бўлган натижаси ҳақида

Улашиш:

Осиё минтақасида 11 июнь куни ЖЧ—2022 саралашининг навбатдаги тур ўйинлари ўтказилди. Таниқли футбол мутахассиси ва блогер Алишер Никимбаев сўнгги тур олдидан гуруҳлардаги вазият ва Ўзбекистон терма жамоасининг ҳолатини таҳлил қилди.

Сўнгги тур олдидан тўртта жамоа 3-саралаш босқичи масаласини расман ҳал қилишга улгурди: Япония, Жанубий Корея, Австралия, Сурия.

Ўзбекистон терма жамоаси Яманни мағлуб этди ва 15 очко билан гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Саудия Арабистони ҳисобида эса 17 очко мавжуд. Сўнгги турда Саудия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади.

Демак, мазкур ўйиндаги ғалаба Ўзбекистон терма жамоасини биринчи ўринга олиб чиқади ва Абрамов шогирдлари кейинги босқичга йўл олади.

Агар учрашувда дуранг қайд этиладиган бўлса, унда Ўзбекистон кейинги босқичга чиқиши учун бошқа гуруҳларда иккита ҳолат юз бериши керак:

  • Ливан Жанубий Кореяга ютқазиши керак;
  • Иордания Австралияга қарши ўйинда очко ололмаслиги керак.

Ўзбекистон мағлубиятга учраса ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин, бироқ бунда учта вазият содир бўлиши керак:

  • Иордания Австралияга мағлуб бўлиши лозим;
  • БАА Вьетнамга ютқазиши керак;
  • Эрон эса Ироққа мағлуб бўлиши зарур.

Бу вазиятда тўплар нисбати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабаб Ўзбекистон учун Яман сўнгги турда Фаластинга ютқазмагани маъқул. Сабаби, 2-ўрин эгаларининг сўнгги поғонадаги жамоалар билан ўйинидаги натижаси бекор қилинишини инобатга олсак, Ўзбекистоннинг Яман билан ўйинлардаги тўплар нисбати +6, Сингапур билан эса +7. Агар Яман сўнгги турда Фаластинни ютадиган бўлса, у ҳолда Сингапур сўнгги ўринга тушиб қолади. Бу шунингдек, Саудия учун кераксиз натижа бўлади, сабаби саудияликлар Ямандан 4 очко олган, Сингапурдан эса 6 очко.

Энг яхши 2-ўрин эгалари (бу ерда жамоаларнинг 5-ўриндаги жамоа билан баҳслардаги натижаси олиб ташланган)
Фото: «Дарё» / Ҳусан Собитов

Умуман олганда Саудия Арабистони деярли кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлган. Яман Фаластинга қарши ўйинда очко йўқотса бўлгани — Саудия Арабистони Ўзбекистонга қарши ўйин натижасидан қатъи назар кейинги босқичга чиқади.
Саудия Арабистони гуруҳда қолиб кетиши учун қуйидаги олтита натижа қайд этилиши керак:

  • Яманнинг Фаластин устидан ғалабаси;
  • Ўзбекистон терма жамоасига йирик ҳисобда ютқазиш;
  • Афғонистоннинг Ҳиндистонга қарши ўйинда ютқазмаслиги ёки Бангладешнинг Уммонни мағлуб этиши;
  • Хитойнинг Сурия устидан ғалабаси;
  • Иорданиянинг Австралия устидан йирик ҳисобда ғалабаси;
  • Ливаннинг Жанубий Кореяни ютиши.

Қайд этиш керак, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинга қадар кўплаб учрашувлар якунланади. Катта эҳтимол билан саудияликлар Ўзбекистон билан ўйинга қадар кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлган бўлади.
Шу тариқа «оқ бўрилар» ҳал қилувчи баҳсда мотивациясиз мезбонларга қарши кураш олиб боради.

Маълумот учун, ЖЧ—2022 саралаш босқичининг 3-босқичига 8 та гуруҳ пешқадамлари ва энг яхши 4 та иккинчи ўрин эгаси йўл олади. Мундиал мезбони Қатар терма жамоаси ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллагани боис энг яхши иккинчи ўрин эгаларининг бештаси йўлланмага эга чиқадиган бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.