ЖЧ саралашдаги рақибимиз Яман терма жамоаси мураббийи ваъда берди

Улашиш:

Эртага ЖЧ-2022 саралаш босқичидан ўрин олган Саудия Арабистони - Яман учрашуви бўлиб ўтади. Мазкур беллашув биз учун аҳамиятга эга, негаки ҳар икки жамоа Ўзбекистон жой олган гуруҳда баҳс олиб бормоқда. Яман терма жамоаси саралаш ўйинларига кўнгилдагидек тайёргарлик кўра олмади.
Мамлакатда юзага келган сиёсий нотинчлик терма жамоа режаларига ҳам таъсир қилди, бунинг оқибатида яманликлар шу йилнинг январь ойидан бери тузук машғулот ёки ўйин ўтказишмади. Бундан ташқари ўтган ой Яман терма жамоаси йиғин ўтказаётган маҳал бош мураббий Сами Ал Нааш COVID сабаб вафот этди.
Шундан сўнг асосий жамоани Аҳмед Али Қассем қабул қилиб олди. Ушбу мураббий эртага бўладиган ўйин олдидан қуйидаги фикрларни билдирди.
"Биз Яман халқига жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида бор имкониятимизни ишга солишга ҳамда ўз ўйинимиз билан мухлисларни хурсанд қилишга ваъда берамиз. Биз ҳаётда реалистмиз, шу боис қандай рақибларга қарши майдонга тушишни жуда яхши биламиз. Олдиндан баландпарвоз гапларни айтмоқчи эмасман, лекин шуни айтишим мумкин, ҳар бир ўйинда бор куч билан ҳаракат қиламиз", - дейди яманликлар устози.
Яман терма жамоаси ҳозиргача ўтказилган 5та ўйиндан 5 очко тўплаб охирги ўринни эгаллаб турибди. Бу жамоа жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида кейинги босқичга чиқа олмайди, бироқ Осиё Кубоги-2023га чиқишга уриниб кўради. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 11 июнь куни айнан шу жамоага қарши майдонга тушади.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.