Диний ташкилотларни тузиш учун МФЙ розилиги бекор қилинди

Улашиш:

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди.

Бугунги кунда дунёнинг кўпгина минтақаларида нотинч вазият ҳукм сураётгани туфайли диний омилдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш кучайиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳудудида бузғунчи ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун диний мазмундаги босма, аудио ва видео маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш долзарб бўлиб қолмоқда.

Қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, давлат идоралари томонидан қонун нормалари нохолис талқин қилиниши ва турлича қўлланишининг олдини олиш мақсадида атама ва тушунчаларга таърифлар келтирилди, улар аниқ ва равшан тарзда баён этилди.

Қонун атамаларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли тушунмовчиликлар, масалага нохолис ёндашув ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Шу каби омиллардан келиб чиқиб, Қонунда ҳар бир инсоннинг Конституциямиз билан кафолатланган ҳуқуқларига мос равишда, фуқароларга диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.