Шавкат Мирзиёев муҳим ташаббусларни илгари сурди

Улашиш:

Тошкент шаҳрида 16 июль куни «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев очиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.

Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-ганг йўли орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк ҳоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир.

Афсуски, 19-асрга келиб, бундай яқинлик ва боғлиқликка путур етди. Чегаралар пайдо бўлиб, ҳамкорлик ўрнини турли қарама-қаршилик, ишончсизлик эгаллади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тарихий алоқаларни тиклаш муҳимлигини, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келганини таъкидлади.

– Бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий ва маънавий-маданий меросидан, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришидан, интеллектуал салоҳият ва меҳнат ресурсларининг борлигидан келиб чиқиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келди, деб ўйлайман ва бу, шубҳасиз, катта манфаат келтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳақиқатан ҳам, тинчлик, яхши қўшничилик ва ишончнинг мустаҳкамланиши, ҳамкорликнинг ривожланиши, очиқ ва амалий сиёсат йўлга қўйилиши Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг манфаатига тўғри келади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз нутқида шу мақсадларга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор экани таъкидланиб, бу соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. «Термиз - Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши бу архитектурада муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, бу борада қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.

Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, Президентимиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Экологияни асраш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш долзарблиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Марказий ва Жанубий Осиёнинг туризм салоҳиятидан кенг фойдаланиш мақсадида туроператорларнинг ягона платформасини шакллантириш, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш бўйича фикрлар билдирилди.

Илмий ва маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу йўналишда ЮНЕСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Маълумки, конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Президентимиз мазкур таҳлил маркази негизида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экспертлар гуруҳи тузишни таклиф этди.

– Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий-маданий муштараклиги, мамлакат ва халқларимизнинг бир-бирига мос келувчи манфаатлари умумий фаровон келажакни барпо этишимиз учун асос бўладиган мустаҳкам пойдевордир. Биргаликда барқарор ривожланиш истиқболлари бўйича аниқ ёндашувга эга бўлишимиз лозим. Олдимизда Марказий ва Жанубий Осиёни, бутун Евроосиё қитъамизни биргалашиб барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш мақсади турибди, – деди Ўзбекистон Президенти.

Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили  Жозеф Боррел минтақада ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, бунда мазкур форумнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини баён этди.

Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.

Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинади.

Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.