Аҳоли исталган ҳудуддан ФҲДЁга оид давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин

Улашиш:

Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сони ортиб, янги-янги хизмат турлари жорий этилмоқда. Бу эса электрон аризалар айланмасини ошириб, бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга хизмат қилаётганини Жиззах вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси ва унинг қуйи тизими ходимлари томонидан қандай хизматлар амалга оширилгани, бу борадаги кўрсаткич ва соҳадаги янгиликлар хусусида ЎзА мухбири ДХА вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур УМУРЗАҚОВ билан суҳбатлашди. 

– Шаҳар ва туман давлат хизматлари кўрсатиш марказлари шароитлари, иш бинолари билан таъминланганлиги қай даражада? 

– Шаҳар ва туман давлат хизматлари кўрсатиш марказларимизнинг ўз иш бинолари ва ҳатто, ҳудуди жиҳатида йирик, аҳоли сони кўпроқ бўлган бир қатор марказларимизнинг филиаллари ҳам мавжуд, – дейди Бобур Умурзақов. – Ҳамма марказларимиз ва филиалларда зарур шарт-шароитлар яратилган. 

Бу эса фуқароларимизга анчагина енгилик яратилганини англатади. Эндиги вазифамиз, кўрсатилаётган хизматлар сифатга алоҳида эътибор қаратишдан иборат. Бу – ходимларимизнинг малакасини оширишдан тортиб, қайси давлат хизматларини янада соддалаштиришгача бўлган жараённи ўз ичига олади.

– Жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларга кўрсатилган давлат хизматлари хусусида тўхталиб ўтсангиз.

– 2021 йилнинг ўтган 6 ойида ДХА вилоят бошқармаси ва шаҳар-туман марказлари орқали мурожаатчиларга 188 минг 536 хизмат тури кўрсатилди. Шундан 163 минг 436 таси давлат хизматлари марказларида, 5 минг 997 таси филиалларда, 5 минг 618 таси сайёр тартибда, 13 минг 485 таси ягона интерактив давлат портали орқали амалга оширилди. 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туман-шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан 3 минг 184 нафар юридик шахс ва 4 минг 895 нафар юридик мақоми бўлмаган тадбиркорлик субъектлари, жами 8 минг 79 та субъект давлат рўйхатидан ўтказилди. 

– Ўтган даврда фуқароларга асосан қайси хизмат турлари нисбатан кўпроқ кўрсатилди?

– Мактабгача таълим ташкилот(МТТ)ларига рўйхатга қўйиш бугунги кунда энг долзарб бўлиб турибди. Ўтган 6 ой давомида МТТларга рўйхатга қўйиш бўйича фуқароларимиздан 26 минг 190 та ариза қабул қилинган. Электрон рақамли имзони олиш бўйича 23 минг 56 та, СТИРни аниқлашда 13 минг 498 та ва уни олиш бўйича 11 минг 315 та хизмат кўрсатилган. 

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан кадастр хизматига бўлган талаб ҳам кучли. Бу йўналишда фуқароларимизнинг 11 минг 750 та аризаси ижобий ҳал этилди. Жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига киритиш каби хизматлар бўйича мурожаатларни ҳам шу жумлага қўшиш мумкин. 

Шу ўринда, СТИРни олиш жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб бекор бўлганини ҳам эслатиб ўтиш лозим. 

– Тизимда қандай янгиликлар жорий этилди? 

– Давлат хизматлари тизимида қатор янгиликлар бўлди. Жумладан, марказлар орқали талаб қилинадиган 18 хил турдаги ҳужжатлар жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб бекор қилинди. ФҲДЁ соҳасида композит хизматлар йўлга қўйилди ва эндиликда шу тизимда ишламоқчи бўлган тадбиркорлар ўзлари хусусий тарзда фаолият олиб бориши учун имконият яратилди, яъни ўзининг белгиланган қонун-қоидалари, талабларига тўла риоя қилган ҳолда “Агент” сифатида жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатишлари мумкин. Бу эса соғлом рақобат муҳитини шакиллантиради.

– Ўтган ярим йиллик давомида давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи ваколатли идораларидан қайси бирида кўпроқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган?

– Фуқароларга бевосита давлат хизматини кўрсатишга киришдикми, демак уни назорат қилиб туришимиз ҳам керак. 157 хил турдаги давлат хизматининг барчасини белгиланган муддатлари бор. Ҳар бир тегишли ташкилот ана шу муддатгача белгиланган хизматни бажариши шарт. Бу ерда ДХА ёки бошқа давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар эмас, балки фуқароларимизнинг манфаати ётганини унунтмаслик лозим. 

Ўтказган ўрганиш ва амалага оширган мониторинг натижасида 1 минг 72 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, энг кўп қонунбузилиш “Жиззах сув таъминот”и масъулияти чекланган жамиятида 542 тани ташкил этган бўлса, ер ресурслари ва давлат кадастр идораларида 118 та, “Ҳудудгазтаъминот” Жиззах филиалида 116 та, қурилиш ва архитектура идораларида 98 та, Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонасида 48 та, ҳокимликларда 29 та, солиқ органларида 24 та, таълим муассасалари 23 та, соғлиқни сақлаш муассасаларида 22 та, давлат санитария эпидемиология назорати марказларида 15 та, бошқа назорат қилувчи идораларда 37 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли органларга 45 та тақдимнома ва 83 та огоҳнома киритилди. Шунингдек, 96 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Кўрилган таъсир чоралари натижасида ваколатли органнинг 36 нафар мансабдор шахс ва хизматчилари интизомий жавобгарликка, 96 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди. 

– Юқорида ФҲДЁ тизимидаги композит хизматлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтдингиз. Бу йўналиш бўйича қандай натижаларга эришилмоқда?

– Ёдингизда бўлса, ФҲДЁ тизими ўтган 2020 йилнинг 1 апрелидан ДХА тасарруфига ўтганидан бошлаб, биринчи навбатда ходимларнинг малакасига эътибор қаратилди ва Адлия вазирининг ташаббуси билан уларнинг барчаси аттестациядан ўтказилди. 30 фоиз ФҲДЁ ходимлари аттестациядан ўта олмади ва натижада улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. 

Республикамиз бўйча ФҲДЁ бўлимларида сақланаётган қоғоз ҳужжатлар рақамлаштирилиб, шу жумладан вилоятимизда 2 миллиондан ортиқ туғилиш, никоҳ, ажрим, ўлим ва ҳоказо қоғоз ҳужжатлар электрон базага киритилди. Бу жисмоний шахснинг шахсий индефикацион рақами, яъни ЖШШИР дейилади.

Тизимга киритилган янгиликлардан яна бири бу – бола туғилгандаги “Композит” хизматнинг жорий этилишидир. Туғилганлик гувоҳномасини шакллантираётган бир вақтнинг ўзида болани доимий яшаш турар жойига рўйхатга, МТТ навбатига ҳам қўйилади. 

Бундан ташқари, бир марталик бериладиган нафақа пулига ва поликлиникага рўйхатга қўйиш ҳам шу вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бу фуқаролар учун жуда катта енгилик бўлди, десам тўғри бўлади. 

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишга келган мурожаатчилардан энди пул талаб қилинмайди, яъни ушбу давлат хизмати бепул кўрсатилади. 

Яна шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, эндиликда ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳам экстерриториал тамойил ишга тушди. Бу фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахсларнинг почта манзили (жойлашган ери)дан қатъи назар, исталган ҳудуддаги ФҲДЁ идораларига мурожаат қилиш имконияти яратилганлигини англатади. Зеро, бу аҳолига ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни сифат жиҳатидан яхшиланиши ва осонлашишида муҳим аҳамият касб этади.

– Фуқаролар вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг хоҳлаган туман, шаҳардаги ФҲДЁ идорасига мурожаат қилиб, давлат хизмати олиши мумкинми? 

– Мумкин. Айтайлик, Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаро ФҲДЁга оид давлат хизматларидан фойдаланмоқчи бўлса, Тошкент, Фарғона ёки Қорақалпоғистон Республикасидаги, шунингдек, мамлакатимизнинг исталган ФҲДЁ органига мурожаат қилиб, давлат хизматларидан бемалол фойдаланиш имкониятига эга. 

Бундан ташқари, 2021 йил 1 июнидан эътиборан фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади. 

Нотариал хизматларни амалга ошириш жараёнида ҳам фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралари томонидан давлат хизматлари агентлиги ёхуд ФҲДЁ органларига мурожаат қилмасдан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб этмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади.

Жорий йил 1-ярим йилликда ФҲДЁ органлари томонидан жами 18 минг 189 та туғилиш, 4 минг 650 та ниқоҳ, 2 минг 787 та ўлим, 622  та никоҳдан ажралиш, 844 та оталикни белгилаш, 106 та фарзандликка олиш, 36 та далолатнома ёзувларини тиклаш, 104 та исми-шарифини ўзгартириш ҳамда 368 та далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш ҳаракатлари қайд этилди.

– Коррупцияга қарши кураш, коррупциянинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 

– “Бизнинг соҳада – коруппцияга ўрин йўқ!” шиори остида ишлаймиз. Тизимдаги ҳар бир ходимнинг иши доимий равишда назорат қилинади. Бунинг учун ДХМ фаолияти устидан назорат қилиш бўлими мавжуд. Шу бўлим ходим билан боғлиқ бўлган барча жараёнлар учун чора кўради. 

Шу ўринда, “Бу қай тартибда бўлади?” деган савол туғилиши мумкин. Бунда “Сирли мижоз” ва “Рейд” тадбирлари, профилактик суҳбатлар ўтказиб борилади. 6 ой давомида туман ва шаҳар давлат хизматлари марказларида 6 маротаба “Сирли мижоз” ва 7 маротаба “Рейд” тадбири ўтказилди. Жумладан, 1 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан”, 1 нафар ходимга нисбатан жарима интизомий жазолари қўлланилди ва 2 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. 

Шунингдек, бошқарма томонидан Давлат хизматлари марказлари ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларининг олдини олиш юзасидан индивидуал тарзда 48 нафар ходим профилактик суҳбат ва савол-жавоблар ўтказилди.

Мамлакатимизда, шу жумладан давлат хизматлари тизимида ҳам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало инсон манфаати тураибди. 

Вилоят давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг ҳар бир катта-кичик вакили ўз олдига фуқароларимизга янада енгиллик ва қулайлик яратишни, муаммоларига ечим топишни асосий мақсад қилиб қўйган ва ушбу эзгу мақсадимиз йўлида астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қилаяпмиз.

 

ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.