Қимматбаҳо почта жўнатмаси фош бўлди

Улашиш:

Халқаро почта конвенцияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини юбориш мумкин эмас.

Аммо, мазкур тартибларни четлаб ўтиб, почта жўнатмалари орқали қимматбаҳо заргарлик буюмларини олиб киришга уринишлар ҳам учраб турибди. Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бош почтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ана шундай уринишлардан бирини фош қилишди. 

Хориждан пойтахтимизда истиқомат қилувчи фуқаро номига юборилган 3 дона почта жўнатмасида аслида ҳужжатларга мувофиқ жами 74 дона оддий  бижутерия ва қўл соатлари бўлиши лозим эди.

Аммо, жўнатмалар белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, ундаги тақинчоқлар қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металлардан ишланган заргарлик буюмлари эканлиги аниқланди.

Шундай қилиб, мазкур ҳолатда 3 та почта жўнатмасида жаҳонга машҳур нуфузли бренднинг тилладан ишланган 664,7 гр. оғирликдаги 58 дона заргарлик буюмлари, шунингдек 26 дона қўл соатлари тўхтатиб қолинди. Мазкур тақинчоқ ва соатларнинг аксарияти эса қимматбаҳо олмос тошлари билан безалган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу заргарлик буюмларининг умумий қиймати 1 млрд. 593 млн. сўмдан ошмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидланишича, йил бошидан буён «Бош почтамт» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида оғирлиги 1,2 кг.дан зиёд заргарлик буюмларининг почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб ўтилиши олди олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.