ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ДУНЁГА ДОСТОН!

Улашиш:

Кўнгилнинг инжа туйғулари каби оппоқ булутларни бағрига жойлаган фалак кўрпасини илкис тебратиб қўйди. Унинг остидан заминга қарата нур ёғдириб, таянч арқон каби тизилган турналар карвони  учиб кела бошлади. Ажиб бир энтикиш билан улар “Мустақиллик муборак!” дея Ўзбекистонни қутлашарди гўё. Улар жўрлашиб айтган бу хиргойи асл эрклик ҳиргойиси эди назаримда.

31 ёшга тўлган эр йигитга назар ташласангиз, у аллақачон мустақил қарорга эга оила боши, фарзандларига тўғри йўл кўрсатувчи ота ва Ватан корига ярайдиган, шижоат қонида жўш ураётган асл ўғлондир. Қадди-басти келишган, учинчи ренесанснинг яратувчилари ҳам аслида шу каби қалқонлардир.

 Бугун ўз мақоми ва ўзлигига эга Ўзбекистон бағрини тинчликсевар турналар макон этган. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдонидаги эрксевар қушларга назар ташлаганмисиз? Улар қанотларини ёйганча, мусаффо ҳаводан тўйиб нафас олган куйи мағрур туришибди.

Тинчлик... неъматлар ичида энг улуғи ва қадрлигиси.

Дунёнинг қайсидир ҳудудларида уйига беркиниб, яқинлари пинжига кирган куйи мактаб ва боғча ҳақида тушунчаси йўқ болалар кўзида ҳаловатни кўрмайсиз. Рўзғор тебратиш у ёқда турсин, кунлик яшаши ғамида юрган, ҳар тонгни таҳлика билан кутиб олаётган, ён-атрофини шовқинли ўқ овозлари эгаллаган оталарнинг надоматдан қўллари мушт, аянли тақдирига кўниккан, норасийдаларини бағрига босиб йиғловчи оналар юрагида ғулғула... тинчликнинг кичик заррасигада мухтож бу каби инсонлар бизнинг бир кунимизга қанчалик ҳавасда.

Шукрки, мустақиллик шамоллари елган, серқуёш Ватанда яшаяпмиз. Кунларимиз фаровон, тунлармииз осуда.

“Мен мустақиллик тенгдошиман!”. Ёшимни сўраган ҳар қандай инсонга шу гапни айтиб, мағрурланиб қўйишимни ҳам сабаби бор аслида. Мустақиллик тенгдоши бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ўз камолинг ва улғаяётган ёшингда муваффақиятларни ўз юртинг билан қадамма-қадам ҳис этишнинг ҳам гашти ўзгача. Бугун мен каби минглаб тенгдошларим  Ватанимиз тараққиёти йўлида, турли соҳаларда фаолият юритиб, эл корига ярашмоқда. Улар орасида дунё ареналарини эгаллаган спортчилар, ақл чархида кўпни ортда қолдирган математик ва халқаро олимпияда ғолиблари, давлатимизнинг нуфузли мукофот соҳибалари борлиги нақадар қувонарли. 2009 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлиш менга ҳам насиб этди. Биргина Шарқ аёлининг сиймоси гавдалантирилган мукофот келгуси ҳаёт йўлимдаги ёрқин саҳифаларни очгани рост. Ижодий ишларим билан матбуот саҳифаларида қатнашиб, турли танловларда иштирок этар эканман, давлатим ва мухтарам Президентим тақдим этган мукофотни оқлаш маъсулияти қалбимга тинчлик бермас эди. Азалдан фазандларни камолга етказиш, уларни юксак маънавиятли этиб тарбиялашнинг устувор йўли бу уларга сифатли таълим беришдир. Мамлакатимиз таълим тизими ҳам бугун ҳавас қилса арзигуик даражага етган.

Мустақиллик ҳадя этган неъматларнинг яна бири эса минглаб ёшлар орзусини амалга оширишга йўналтирилган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилганидир.  

Жаннатмонанд Жиззах буюклар бешигини тебратган. Ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирган, қалби кўкламга ошуфта ижодкорлар ҳақида гап кетганда икки сиймо кўз олдимизга келади. Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним!

Дарҳақиқат, Умр ва ижод йўлларини бир-бири билан боғлаган, ҳамон авлодларга садоқатда ибрат бўлувчи бу икки буюк сиймонинг исмлари ҳамиша ёнма ён айтилади. Адабиётга ошуфта, меҳр, вафо, самимият, муҳаббат туйғуларига қалби макон бўлган, қўлига эндигина қалам олиб, қоғоз қоралаган издошларини кўрганда кўнгли осмон бўлган, ижоди бенихоя гўзал халқнинг асл фарзандлари юрак-юрагимиздан ўрин эгаллаган.

Жиззахга йўлингиз тушганми? Ш.Рашидов ҳиёбони бўйлаб юрар экансиз, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейига дуч келасиз. Улар сиймоси акс этган суратлар, одмигина либослар ва буюмларни кўриб инсон қалбини ажиб туйғулар эгаллайди. Бу нотаниш туйғу ёшлик завқи ва муҳаббат шавқига ҳамоҳанг гўё. Видеотасмаларга мухрланган ўрик дарахти ва унинг гуллари эса икки сиймо руҳига салом йўллаётгандек...

Деразамнинг олдида бир туп

Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...

 

Новдаларни безаб ғунчалар,

Тонгда айтди ҳаёт отини

Ва шаббода қурғур илк саҳар

Олиб кетди гулнинг тотини...

 

Ўша инжу туйғу сингари оппоқ ўрик гуллари, дарахтлар, уларнинг муборак қадамлари босилган жойлар, шоир эгнига кийган чопон, Зулфияхонимнинг табаррук қўллари теккан рўзғор идишларидан тортиб, барча-барчасига боқиб, улар яшаган давр муҳитига тушиб қолгандек, ҳаёлан суҳбатлашгандек бўласиз гўё. Шунинг ўзида катта бахт, саодат...

Ҳар йили Ҳамид Олимжон ва Зулфия таваллуд саналари юртимизда кенг нишонланади. Уларнинг ижод намуналари, сермазмун асарлари яна бир бор ёдга олиниб, шоирлар хотирасига эҳтиром кўрсатилади. 2017 йил Жиззах вилоятига ташриф буюрган муҳтарам юртбошимиз  Ш.Мирзиёев щз маърузасида  “Ҳамид Олимжоннинг Зулфия билан бирга кечган ҳаёти, севги ва садоқати  ёшларимизга ҳар жиҳатдан ибратлидир” деган эдилар.

Ижод мактабини ташкил этиш борасидаги таклиф эса  ўз исботини топди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги 418 сонли қарорига мувофиқ юқорида таърифи келтирилган музейнинг юрагига яқин жойда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номи билан юритилувчи адабиёт масканида фаолият юритиш бахти менга ҳам насиб этди. Айниқса, ижодкор ёшлар билан ишлашнинг, улар билан тиллашишнинг гашти ўзгача.Чунки бизни бирлаштирган, орзу ва ўйларимизнинг  рўёби туташган жой ҳам ижоддир.  

Ижод мактаби 150 ўринга мўлжалланган. Шунингдек, 100 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 75 ўринли ошхона ўқувчилар ихтиёрида. Замонавий тарзда таъмирланган 100 ўринли фаоллар зали ҳам эътиборга молик. Мактаб ташқарисида волейболл, баскетболл ўйингоҳлари мавжуд. Шунингдек, ёш ижодкорлар ўртасида мушоиралар ташкиллаштиришга мўлжалланган манзарали боғ ичидаги айвончалар ҳар бир инсонда ҳавас уйғотиши шубҳасиз.

Мактабга ташриф буюрувчи ҳар бир ўқувчи кўзларидаги ёниб турган учқун “Мен келажакда Ҳамид Олимжондек ижодкор бўлиб, Ватанимни матҳ этаман”, “Мен Зулфияхонимнинг ҳақиқий издоши бўлиб етишаман” деяётгандек.  Ижод мактаби ўқувчилари томонидан эришилган ютуқлар ҳавас қилса арзигулик.

Агентлик томонидан нашр қилинган “Ижод боғидан гулдаста” номли тўпламда таълим муассасасининг 5 нафар ўқувчиларининг 15 та ижод намуналари киритилди.

10 нафар ўқувчи ёшлар Республика ижодий танловларида ғолибликни қўлга киритган бўлса, Турсунова Висоланинг “Камалак юлдузлари” шеърий  тўплами, 10-синф ўқувчиси Холбекова Ироданинг “Баҳорни қўмсаб” китоби, 11 синф ўқувчиси Бахриддинова Гулсанамнинг “Лолақизғалдоқ”, “Қадргулим”,  Абдурасулова Моҳичехранинг  “Ширин орзулар” китоби нашрдан чиқди.

9-синф ўқувчиси Бошмонова Насиба “Тил миллат ҳамияти” номли мақоласи билан Германия давлатида ўтказилган илмий конференцияда сертификат билан тақдирланди. 10- синф ўқувчиси Холбекова Ирода 2020 йил Италия давлатининг “Hippo” ташкилоти томонидан ўтказилган 8-Халқаро инглиз тили олимпиядасидаги фаол иштироки учун сертификат билан тақдирланган. 2020 йил Украина давлатининг “Автограф”, Германиядаги “Мастерская”, Қоғоғистондаги “Дактиль” журналларида таржималари чоп этилди.

              30 нафар ходимларнинг илмий мақолалари Республика нашрларида, 12  нафар педагогларнинг илмий мақолалари халқаро журналларда чоп этилди.       Таълим муассасасининг уч нафар фидойи ходимлари давлат мукофоти ва кўкрак нишонлари билан тақдирланишди. Журналистика, таржимонлик ва мухаррирликка қизиқиши бўлган ўқувчиларнинг истак ва хоҳишларини инобатга олиб, мактабда “Ижод гулшани” деб номланган, маърифий-бадиий ва ижтимоий даврий журнали нашр эттирилган.

              Вилоятда илк маротаба ташкил этилган “Жиззах ифтиҳори” - 2021" танлови  "Олтин фонд"ига Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактабининг 5 нафар иқтидорли ўқувчилари лойиқ кўрилиб, улар  вилоят ҳокими томонидан тақдирланди. Шу вақтга қадар 10 нафар ёш ижодкорлар “Зомин” семинарида фаол иштирок этиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

              Ижод мактаби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими билан доимий тарзда ҳамкорликда ўқувчилар ва ёзувчилар уюшмаси аъзолари ўртасида маҳорат дарслари ташкил этиб борилмоқда. Шу кунга қадар  Сирожиддин Саййид, Нодир Жонузоқ, марҳум Анвар Обиджон, Энахон Сиддиқова, Сайёра Тўйчиева, раҳмон Қўчқор, Аҳтамқули Каримов, Фармон Тошев, Эшқобил Шукур, Мухтарама Улуғова, Муҳиддин Абдусамад, Ғайрат Мажид сингари етук шоир, ёзувчи ва журналистлар билан “Маҳорат дарс”лари ўтказилди. Шунингдек,          1-март Зулфияхоним таваллуди муносабати билан “Зулфия ижоди, адабий бадиий меросининг халқаро аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилиб, унга Республикамизнинг турли ҳудудлари, жумладан,  Корея давлати, Қозоғистон Республикаси олимларининг мақолалари ҳам киритилди. “Икки қалб издошлари” деб номланган ўқувчи ёшларнинг ижодий ишлари жамланган китоб нашр этилган бўлиб, айни пайтда Агентлик тасарруфидаги таълим муассасаларига етказилган. Бу ютуқлар албатта, ҳали бошланиши ўтган йилги битирувчиларнинг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги эса кўнглимизда фахр туйғусини уйғотди. Айни пайтда  ижод мактабида қўшимча бино учун  қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Янгитдан қад ростлаётган ётоқхона, охшона ва замонавий спорт зали янги ўқув йилида болажонлар учун фойдаланишга топширилади. Ёшлар учун яратилаётган ана шундай шарт шароитлар ва имкониятларни кўриб, улардан оқилона фойдаланаётган йигит қизларни беихтиёр Учинчи ренесанснинг яратувчилари, янги давр жадидлари дегимиз келади.

Ютуқлар замирида албатта мустақил Ватанимизда ёшларимиз яратилган кенг кўламли шароитлар мужассам. Ғайратли ёшлар эса ундан оқилона фойдаланишмоқда. Президент таълим муассасаларининг истеъдодли ёшлари Янги Ўзбекистоннинг келажагидир.

Мактаб ҳовлиси бўйлаб юрар эканман, қуёш шуъласи ҳиёл тушиб турган айвончада  ёш ва муҳаббат лаззатидан сармаст Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним меҳр кўзи ила боқиб бир бири билан мушоира қилаётганини илғадим. Балки кўзимга шундай кўриндими деб эътиборимни ўша ёққа қаратдим. Улар бир бирининг елкасига суянганча ён атрофдан ўтиб қайтувчи бўлажак шоир, шоираларга ҳавас билан боқаётганлари ҳайратимни оширди.

Водийларни яёв кезганда

Бир ажиб ҳис бор эди манда

Чаппор уриб гуллаган боғин

Ўпар эдим Ватан тупроғин!...

 

Муборак ҳайкал атрофи эса энди улар яратган адабиёт боғининг гулғунчалари, ёшларнинг мушоираси билан гавжум. Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаётган бахтли ёшлар мушоирани қуйидаги сўзлар билан бошлашди:

 

Эй оқ қоғоз, оппоқ қоғоз

Ўз-ўзимга арзим бордир,

Мени суйиб катта қилган,

Шу Ватандан қарзим бордир

 

Савол бердим виждонимга

Нима қилдим, кеча, бугун?

Кунлар елдек ўтаётир,

Жавобларим тугун-тугун...

 

Бир энлик сўз, ашъор билан

Мақтанишни хоҳламасман.

Элни яхши кўрмай она,

Оқ сутингиз оқлолмасман.

 

Аввало эл, сўнг мен деган

Отам меҳри сабоқ бўлди.

Қоқилмадим, Ватан суяб,

Йўлларимга чироқ бўлди.

 

Сокин тунлар, обод турмуш

Бўлгани йўқ ўз-ўзидан.

Истиқлолнинг иси келар,

Ёш авлодлар юз кўзидан.

 

Сен ердаги жаннатимсан

Меҳрим уммон, кўксим осмон.

Кел, бағримга битта босай,

Онажоним ЎЗБЕКИСТОН!

 

Маъмура ЮСУПОВА,

Жиззах шаҳри

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.