Алишер Қодиров Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг танлаган йўлини солиштирди

Улашиш:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Kun.uz сайти ташкиллаштирган давра суҳбатида Ўзбекистон юритаётган ахборот сиёсати ва бу сиёсатда қўшни мамлакатларникига нисбатан ўта эҳтиёткор позиция ҳақида фикр билдирди.

Қўшнилар билан солиштириш масаласида мен сал бошқачароқ ёндашган бўлардим. Масалан, биз иқтисодий эҳтиёткорлик қилган пайтимизда Қозоғистон иқтисодий эҳтиёткорлик қилмади. “Шок терапияси”га биз кирмадик, Қозоғистон кирди. Биз 30 йил иқтисодий масалалар билан кам шуғулландик, сиёсий суверенитет масаласи билан эса кўп шуғулландик, Қозоғистон эса сиёсий суверенитет ҳақида эмас, иқтисодий ривожланиш ҳақида кўпроқ ўйлади. Ва бу ўз натижасини берди.

Бугун Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот киши бошига ҳисобланганда 10 минг доллар бўлса, Ўзбекистонда 1700 доллар атрофида.

Ресурслар нуқтайи назаридан Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида катта фарқ йўқ. Лекин аҳоли нуқтайи назаридан Ўзбекистон икки баробар олдинда. Бу – ривожланиш учун Қозоғистонга имконият берди. Агар қўполроқ ўхшатиш қилсак, Қозоғистон халқпарвар сиёсат қилмади, иқтисодни бозор қоидалари нуқтайи назаридан жамиятига тез киритиб юборди, лекин биз ҳанузгача электр энергиясини аҳолига таннархидан икки баробар арзон сотаётган давлатмиз. Яъни бу халқпарвар сиёсат. Хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам. Электр энергия арзон. Бутун иқтисодиётнинг локомотиви бўлган энергия ресурслари масаласида биз ҳамон монополияда юрибмиз.

Аҳоли учун энергетика тарифларини оширолмайсиз. Масалан, бугун электр энергияси 295 сўм. Уни 550 сўм қилоласизми? Йўқ, чунки одамларнинг даромади етмайди. Одамларнинг даромади йўқ бўлишига сабаб нима? Иқтисодиёт ривожланмаган. Иқтисодиёт ривожланмаслигига сабаб нима? Энергия ресурсларимизда аниқ ўйин қоидалари йўқ. Йирик инвесторлар бизга келиб пул тикишдан олдин иқтисодий масалаларни таҳлил қилишда биринчи таҳлилий масала энергия билан боғлиқ бўлади. Инвестор у ердаги ноаниқлик, беқарорликни кўради ва бу бизнинг ривожланишимизга салбий таъсир кўрсатади.

Биз ахборот эркинлигини таҳлил қилишдан олдин масаланинг бу томонларини ҳам ўйлаб кўришимиз ва тарозига солишимиз лозим. Ундан кейин гапириш керак
”, – дейди Алишер Қодиров.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.