Ернинг ядроси тўхтаб қолди. Олимлар шов-шувли баёнот беришди

Улашиш:

«Ернинг ички ядроси тўхтаган, ҳатто тескари айланаётганга ўхшайди. Йирик зилзилалардан кейинги сейсмик таҳлиллар бунга далил». Хитойлик олимларнинг шу ҳафта нуфузли Nature Geoscience журналида чоп этилган тадқиқоти натижалари жаҳон фан оламида қизғин баҳсларни уйғотди.

Ичкарида нима гап?

Ўтган аср 90-йиллари ўрталарида олимлар Ернинг катталиги Ойга тенг ички ядроси — қайноқ темир шар ўз иссиғи натижасида сайёрамизнинг сиртқи қобиғига қараганда тезроқ айланишини аниқлашганди. Пекин университети геологи Сяодун Сун бошчилигида ўтказилган янги тадқиқотга кўра эса, тахминан 2009 йилда ядро айланиши секинлашиб, ҳатто тўхтаган, бу ҳам камдек, тескари айланишни бошлаган.

Ядро тўғрисидаги маълумотлар ҳар хил йўллар билан олинади, хитойлик олимлар эса зилзилалар келтириб чиқарувчи сейсмик тўлқинлар маълумотларига таянишди. Тадқиқот атрофидаги баҳслар қайноқлик бобида ядронинг ўзидан қолишмаётганига аслида сабаб ҳам шу.

Олис коинотга интилаётган инсоният оёғининг остида нималар бўлаётганидан бехабар. Масалан, Ер ядроси ҳақида маълумотлар жуда оз. Жюл Верннинг фантастик асарида Ер марказига саёҳат қилган одам боласи ҳақиқий ҳаётда бунинг учун жисмонан ва илман ожиз, ҳозирча.

Қайноқ шар шаклидаги темир-никел ядрога етиш учун 2 900 километр ичкарилаш керак. Унинг юзасида ҳарорат Целсий бўйича 6 000 даража қайноқ, ядро марказидаги босим эса тахминан 4 млн атмосфера. Геологлар ички ядродан ажралган энергия суюқликни электр токлари ҳосил қилиб, ташқи қатлам билан бирга ҳаракатланишга мажбур қилади, деб ҳисоблашади. Электр токлари, ўз навбатида, магнит майдонини ҳосил қилиб, сайёрамизни фазодан келувчи вайронкор нурларлардан ҳимоялайди.

Хитойлик олимлар дублетлар — «қўшалоқ зилзилалар»нинг ёзиб олинган сигналларини ўрганишди. Дублетларнинг сейсмик тўлқинлари умумий эпицентрдан тарқалиб, деярли бир хил тебранишлар ҳосил қилади. Фарқи — вақти, шу боис сигналлар ички ядронинг турли қисмларидан ўтади. Бу эса ядро чиндан ҳам айланаётганини исботлайди. Бироқ 2009 йилдан бошлаб бу фарқлар кузатилмай қўйди...

Шундан келиб чиқиб, хитойлик олимлар (2009 йилда) ядро тўхтаган, дейишмоқда. Ундан ҳам ажабланарлиси, йиллар ўтиб олинган маълумотлар ядро мутлақо тескари томонга айланишни бошлаганини кўрсатмоқда...

Хитойлик тадқиқотчиларнинг тахминларига кўра, ядронинг айланиш даврийлиги жами 70 йил бўлиб, ҳар 35 йилда йўналишини ўзгартиради. Тадқиқот натижалари албатта жуда қизиқ, бироқ ягона тўхтам учун етарлими? Ер ядросини ўрганиш ўта муҳим, ҳеч бўлмаганда, ердаги магнетизм табиатини тушуниш учун ҳам керак, бекорга бир аср муқаддам Эйнштейн буни физиканинг бешта энг асосий жумбоғидан бири демаганди.

«Хитойликлар бу натижаларга Ернинг сейсмик ҳолатини ўта синчиклаб ўрганиб эришишди. Бироқ ўзлари ҳам иккиланишяпти, «эҳтимол» сифатида тақдим этишяпти. Эҳтимол улар бу хусусиятни «пайпаслаб кўришган», сезишгандир, бироқ ички ядронинг ташқи қобиққа нисбатан айланишини бу тахлитда (қўш зилзилалар сигналлари ёрдамида) аниқлаш ўта ишончли дейишга тўлиқ журъат этишмаяпти», — деди Москва давлат университети геология факултети профессори, геология-минералогия фанлари доктори Роман Веселовский.

Ер ядроси тўхтагани ростми? Ер юзасидаги жараёнларга, хусусан, иқлим ўзгаришларига таъсири қандай? Хитойлик олимлар яхши мавзуни очишди. «Тўхтаб қолган ёки тескари айланаётган ядро» атрофидаги илмий мубоҳасалар давом этади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.