Ўзбекистонда блокланган TikTok солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди

Улашиш:

TikTok ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда 2021 йилнинг ёзидан буён блокланганига қарамай, солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. Эндиликда хизматлар учун тўлов 12 фоизлик ҚҚСни ўз ичига олади.

5 октябрь куни TikTok PTE LTD (Cингапур) Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди, деб хабар бермоқда Солиқ қўмитаси.

Эндиликда хизматлар учун тўлов 12 фоиз ҚҚСни ўз ичига олади.

2021 йил июль ойидан бошлаб TikTok ижтимоий тармоғи «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузгани учун Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрига киритилган. Ўша пайтда Twitter, «ВКонтакте» ва WeChat ҳам рўйхатда бўлган, аммо 2022 йилнинг августида улар чиқариб ташланган ва фақат ТикТок қолган.

2022 йил март ойида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн учрашув ўтказган ва «Ўзбекистонда платформадан фойдаланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини бажариш масалалари ҳам муҳокама қилинган». Вазир компанияга мамлакатда ўз ваколатхонасини очишни таклиф қилган.

Ўзбекистон фуқаролари маълумотларига ишлов берувчи кўплаб бошқа ресурсларга ҳеч қандай чекловлар қўлланилмади. 2021 йил ноябрь ойи бошида реестрга Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Odnoklassniki ва мамлакатда жуда машҳур бўлган бошқа сайтлар киритилганди. Бироқ бу жамоатчилик норозилигига сабаб бўлгач, бир неча соат ичида уларга кириш қайта тикланди. Бунинг ортидан «Ўзкомназорат» раҳбари, АКТ вазири ва бош вазирнинг ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси истеъфога чиқди.

Маданият вазирлиги 2021 йилда TikTok Fest концерти юзасидан муносабат билдириб, у ёшлар онги ва дунёқарашига салбий таъсир қилади, деб ҳисоблашини маълум қилган. Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ва Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларнинг блокланишига қарши фикр билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, январь-ноябрь ойларида қўшилган қиймат солиғи тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган 40 та хорижий корхона томонидан 44,8 миллиард сўм солиқ тўланган. Январь-апрель ойларида эса бу кўрсаткич 42 та корхона томонидан 32,4 млрд сўмни ташкил қилган
.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.