Маймун чечаги вируси дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта Швецияда ушбу вируснинг штамми аниқланди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечаги эпидемиясини фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Бундай ҳолларда касаллик ва унинг намоён бўлиши ҳақида маълумотга эга бўлиш муҳимдир. Касаллик аломатларини қандай аниқлаш мумкин, бунда нима қилиш керак ва маймун чечаги вирусини юқтиришда гумон қилинса, қаерга бориш кераклиги материалимизда тақдим этилмоқда.
Monkeypox (Mpox) вирус келтириб чиқарадиган касаллик нима
Маймун чечаги камдан-кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, чечакка ўхшайди, лекин одатда унчалик оғир эмас. Касаллик зооноз гуруҳга тегишлидир, яъни ҳайвонлардан одамларга юқади, лекин одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. Биринчи марта у лаборатория маймунларида 1958 йилда аниқланган, шунинг учун "маймун чечаги" деб номланган. Одамнинг илк бор касаллиниши 1970 йилда Конго Демократик Республикасида қайд этилган ва шу вақтдан бери Марказий ва Ғарбий Африканинг турли қисмларида авж олиб турган.
Одамдан одамга касаллик ҳаво томчилари орқали (йўтал ва аксириш), уй шароитида-юқтирган одамнинг териси ва суюқликлари билан алоқа қилиш, шунингдек касал одамнинг буюмлари ва кийимларига тегиниш орқали юқиши мумкин. Вирус онадан ҳомилага ҳам юқади.
Аксарият одамлар тўлиқ тузалиб кетишади, аммо баъзиларида касаллик янада оғирроқ кечади. Асосан, кекса одамлар, болалар, иммунитети заифлар ва иммунитетни бостирадиган дориларни қабул қилувчилар касалликнинг бундай кечишига дучор бўлади.
Дастлабки аломатлар инфекциядан 5-21 кун ўтгач пайдо бўлади ва грипп белгиларига ўхшайди.
Маймун чечагининг одатий белгилари
Юқори ҳарорат. Одатда иситма кутилмаганда бошланади ва титроқ ва ҳолсизлик ҳисси билан бирга бўлиши мумкин.
Гриппда кузатиладиган суяклар оғриғи ҳолатига ўхшаш бош ва мушаклар оғриғи кузатилади.
Бўйин, қўлтиқ ости ва сондаги лимфа тугунларининг шишиши маймун чечагининг ўзига хос белгиларидир. Ушбу тугунлар босилганда оғриқли бўлиши мумкин.
Одатда, бу аломатлардан 1-5 кун ўтгач, тошма пайдо бўлади. Қоида тариқасида, у юзда намоён бўлади, кейин тананинг бошқа қисмларига тарқалади. Тошмалар дастлаб қизариш ва майда доғларга ўхшайди, аммо кўп ўтмай пуфакчалар пайдо бўлиб, вақт ўтиши билан қобиқ ҳосил қилади.
Аниқ ташхис қўйиш учун лаборатория текшируви, маймун чечаги вируси учун ПЗР тести ёки серологик текширув тавсия этилади.
Қаерга мурожаат қилиш керак
Агар ушбу аломатлар ва касалликка шубҳа бўлса, ваҳима қўзғамаслик ва 103 рақамига қўнғироқ қилиб, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.
Таъкидлаш керакки, маймун чечаги учун ўзига хос даволаш ёки эмлаш йўқ, аммо оддий чечакка қарши олдинги эмлаш касалликнинг самарали олдини олишни ҳам таъминлайди.
Санитария-эпидемиология қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудида маймун чечаги қайд этилмаган, барча зарур дори-дармонлар мавжуд ва ушбу касалликнинг мамлакатга киришига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.