Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, Ўзбекистонда жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш жавобгарликка сабаб бўлади. Суд ҳужжатидан маълум бўлишича, тартибсиз соқол қўйиш - жамоат жойида шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиш, дея малакаланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-4-моддасининг диспозицияси – «жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш» – ички ишлар ва суд органлари томонидан соқол қўйган фуқарога нисбатан ҳам қўлланмоқда.
Суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2024 йил 29 май куни “диний муҳитни соғломлаштириш” бўйича ўтказилган тезкор-профилактик тадбирда, Жиззах шаҳридаги “Кўк бозор” ҳудудида “шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда соқол ўстириб юрган” 22 ёшли фуқаро аниқланган.
Жорий йил 13 август куни жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг очиқ суд мажлисида судья С.Расулов – фуқарони айбдор деб топиб, соқол ўстириб юришни МЖтКнинг 184-4-моддаси билан тўғри малакаланган деб ҳисоблаган.
Суд қарорига кўра, фуқаро С.Т. МЖтКнинг 184-4-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган ва шу модда билан БҲМнинг беш баравари миқдорида (1,7 млн сўм) жаримага тортилган.
Олий суд томонидан эълон қилинган ушбу моддага доир суд ҳужжатлари ўрганилганида, қонун кучга кирган вақти – 2023 йилда 31 октябрдан жорий йил 22 августга қадар МЖтК 184-4-моддаси бўйича қарийб 800 га яқин фуқаро жавобгарликка тортилганини кўриш мумкин.
Маълумот учун, 2023 йил 31 октябрь куни қабул қилинган қонун билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, МЖтКдан 184-1-модда – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланди.
Шу билан бирга, кодексга 184-4-модда — жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш учун жавобгарлик қўшилди.
2023 йил ноябрдан кучга кирган тақиққа кўра, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда айрим истиснолар бор, масалан тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда ёхуд меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ёки спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатлар мустасно қилинган.