Ўзбекистонда Марбург иситмаси эпидемияси хавфи туфайли санитария назорати кучайтирилмоқда

Улашиш:

Марбург вируси иситмасини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган Cанитария назорат пунктларининг (СНП) ҳушёрлиги оширилган.  

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан бир қаторда эпидемиянинг олдини олиш бўйича профилактика чоралари кучайтирилган. Хусусан, қуйидаги чоралар кўрилмоқда:

  • геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморларни ўз вақтида аниқлаб, изоляторларга алоҳидалаш;

  • гумон қилинган беморлар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари томонидан стандарт эҳтиёт чораларини кўриш, қўшимча равишда инфекцияни юқтиришини олдини олишга қаратилган шахсий ҳимоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиш;

  • гумон қилинган беморларнинг қонига тегмаслик, бемор ажратган тана суюқликлари, шунингдек, улар билан ифлосланган юзалар билан мулоқатда бўлмаслик;

  • касалликнинг этиологияси, клиникаси, лаборатор ташхисоти ва касалликни олдини олиш ва профилактикаси бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;

  • касалликни назорат қилишда хавфсиз инъекция усулларини қўллаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қайта ишлатилаётган тиббий асбобларни зарарсизлантириш ва чиқиндиларини хавфсиз йўқ қилиш;

  • инфекция бўйича аҳолини хабардорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш. 

Шу ўринда Қўмита фуқароларимизга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилмоқда.

Маълумот учун. Марбург иситмаси камдан-кам учрайдиган, оғир вирусли геморрагик юқумли касаллик бўлиб, одамларга ҳам, бошқа приматларга ҳам таъсир қилади. Вирус табиий равишда кўршапалакларда учрайди ва улардан одамларга юқиши мумкин. У одамга тўғридан-тўғри алоқа орқали юқади.   Касааликни зарарланган тери ёки шиллиқ пардалар орқали юқтириш мумкин. Бундан ташқари, вирусни юқтирган одамнинг чойшаблари ёки кийим юзалари ва материалларига тегиниш орқали ҳам касалланиш мумкин. 


Касалликнинг клиник аломатлари вирус билан касалланганидан 2-21 кун ўтгач пайдо бўлади. Унинг асосий белгилари: иситма, томоқ оғриғи, тошма, қорин оғриғи, бурун ва кўзлардан қон кетиш.

Марбург иситмасининг табиий ўчоқлари: Жанубий, Ғарбий ва Марказий Африка мамлакатлари, хусусан, ЖАР, Габон, Судан, Конго, Либерия, Гвинея, Зимбабве, Кения ҳисобланади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.