Дунё аҳолисининг қарийб ярми кунига 7 доллардан камга яшайди

Улашиш:

Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб ярми кунига 6,85 доллардан камга яшамоқда ва бу глобал камбағаллик кўламини намоён қилади.

Ҳисобот COVID-19 пандемияси бошланганидан бери биринчи марта камбағалликни йўқ қилиш ва сайёрада умумий фаровонликни яратиш бўйича тараққиётни баҳолаган. Унга кўра, ҳозирги ривожланиш суръати келгуси ўн йилликларда белгиланган мақсадларга эришиш учун етарли эмас. 

Одамлар кунига 2,15 доллардан камга яшайдиган ўта камбағаллик ҳолати жуда кескин саналади. 2030 йилга бориб, ушбу муаммони тўлиқ бартараф этишнинг иложи бўлмайди – уни ҳал қилиш учун тахминан 30 йил керак бўлади. Бугунги кунда деярли 700 миллион киши бундай камбағалликда яшайди ва 2030 йилга келиб бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 7,3 фоизини ташкил қилиши тахмин қилинмоқда. Шунга ўхшаш камбағалликда яшовчи одамларнинг асосий қисми Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубида жойлашган бўлиб, у ерда иқтисодий ўсиш паст ва беқарорлик юқори бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда дунё аҳолисининг 44 фоизи кунига 6,85 доллардан камга яшайди, бу ўртача даромаддан юқори бўлган мамлакатлар учун камбағаллик чегараси ҳисобланади. 1990 йилдан бери аҳоли сонининг кўпайиши туфайли бу рақам деярли ўзгармаган. Вазият пандемия, қарзларнинг кўпайиши, можаролар ва иқлим ўзгариши шароитида янада кескинлашган.

Жаҳон банкининг катта бошқарувчи директори Аксель ван Тротсенбургнинг сўзларига кўра, ҳозирги инқирозлар ривожланиш учун янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Фақат инновацион ечимлар аҳоли даромадларини ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш имкониятини бера олади.

Бундан ташқари, келажакда камбағаллик муаммосини ҳал қилиш учун камроқ углерод талаб қиладиган иқтисодий ўсиш талаб этилади. Кескин камбағалликни камайтириш (кунига 2,15 доллар) атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатмайди, чунки энг камбағал мамлакатларнинг умумий чиқиндилардаги улуши нисбатан паст. Бироқ, даромаднинг 6,85 долларга кўтарилиши чиқиндиларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан, ҳар бир давлат мақсадлар мувозанатига интилиб, аҳолининг даромад даражасини ҳисобга олган ҳолда индивидуал ёндашувни қўллаши керак бўлади.

Эслатиб ўтамизки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб камбағал оилалар реестрини тузишни бошлайди. Рўйхат "маҳалла еттилиги" томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароитлари ва камбағалликка тушиб қолиш сабабларини ўрганиш натижалари асосида тузилади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.